Линклар

Нафақа ўрнига… пайпоқ


Лобар Маълумотларга кўра, Ўзбекистонда декабрь ойида парламент сайлови ўтказилгани муносабати билан мазкур тадбир арафасида кўпгина жойларда фуқароларга нафақалар тўлиқ тарқатилган.

Сирдарё вилояти ижтимоий таъминот ходимларининг сўзларига қараганда, нафақаларни тўлиқ тўлаш сўнгги 5-6 йил ичида биринчи марта кузатилди.

Нафақалар ўз вақтида тарқатилаётган бўлса-да, пенсионерларнинг таъкидлашича, нафақа пулларининг бир қисми ушлаб қолиниб, ўрнига бозордагидан қиммат нархларда турли маҳсулотлар бериляпти.

Сирдарё вилоятининг Мирзаобод туманида яшовчи пенсионерларнинг айтишича, уларнинг нафақасига совун, шампунь, эски газета, лотерея, пайпоқ ва бошқа буюмлар қўшиб бериляпти. Ҳар бир пенсионердан ўртача 3 минг сўм шу буюмлар учун ушлаб қолинмоқда. Қўшиб берилаётган маҳсулотлар нархи эса бозордагидан 2-3 баробар қиммат.

Сирдарё вилояти пенсия хизматини ташкил этиш бўлими бошлиғи Рустам Юсуповнинг билдиришича, фуқароларнинг розилигисиз нафақасининг бир қисми маҳсулотлар билан берилиши мумкин эмас. Уларни буюм олишга мажбурлашга рухсат этилмаган. Пенсионерлар ўртасида бу масалада мониторинг ўтказилганда, улар нафақасининг бир қисмини маҳсулот билан олишга рози экани маълум бўлган.

Пенсионерларнинг кўпчилиги нафақасининг бир қисми маҳсулот билан берилиши мумкин эмаслигини яхши билади. Бироқ нафақасини тезроқ олишни истаган кишиларнинг почта ходимлари шартларига кўнмасдан бошқа иложи йўқ.

Маълум бўлишича, бу каби ҳолатни вилоятнинг барча туманида кузатиш мумкин. Айрим туманларда нафақанинг бир қисми ушлаб қолиниб, ўрнига ҳатто муддати ўтган лотерея тарқатилган. Фақат нафақа ҳисобига кун кўрадиган кишилар эса қўлга тегадиган ҳар бир сўм қадрли эканини айтиш билан чекланади, холос.
XS
SM
MD
LG