Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 07:05

Қаршида “Америка бурчаги” бор


Фирдавс Қашқадарёда АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси ташаббуси билан “Америка бурчаги” ахборот ресурс маркази очилди. Бу Ўзбекистондаги учинчи шундай марказдир.

АҚШ элчихонаси маълумотларига кўра, “Америка бурчаги” ахборот ресурс марказлари фаолияти илк бора Россия Федерациясида йўлга қўйилган. Бу марказлар қизиқувчиларга Америка ҳақида маълумотлар тарқатишни мақсад қилган. Бу марказни ташкил этиш ғояси ўзини оқлагач, бундан муассасалар Молдова, Туркия, Украина, Шарқий Европа мамлакатларида ҳам очилган. Марказлар Интернет, аудио, видео материаллар, кинофильмлар ва бошқа кўргазмали воситалар орқали қизиқувчиларга маълумотлар тарқатмоқда.

Ўзбекистонда “Америка бурчаги” илк марта 2003 йилда ташкил этилган. Аввалига Термизда, кейинроқ Андижонда шундай ахборот ресурс марказлари иш бошлаган.

Қаршида эса “Америка бурчаги” ахборот ресурс маркази Сайидо Насафий номидаги вилоят кутубхонасида очилди.

Кутубхона раҳбари Клара Дўстёрованинг сўзларига қараганда, бу марказ нафақат ёшларга, балки катта ёшли кишиларга ҳам Америка тўғрисида маълумотлар олишда, инглиз тилини мукаммал ўрганишда, компьютер саводхонлигини оширишда кўмак беради. Марказ фаолияти учун кутубхонага умумий қиймати 36 минг долларлик моддий техника воситалари келтирилган. Уларнинг асосий қисми китоблар ва ўқув қуролларидир.

К.Дўстёрованинг таъкидлашича, 13 январда АҚШ элчихонаси вакиллари Қаршида “Америка бурчаги” фаолияти учун яратилган шароит билан танишган. Улар АҚШнинг вилоятда фаолият кўрсатаётган “Тинчлик корпуси” ташкилоти вакиллари билан марказда қизиқувчиларга сабоқ бериш борасида келишувга эришган.

Яқин кунларда марказнинг расмий тақдимот маросимини ўтказиш режалаштирилган.
XS
SM
MD
LG