Линклар

Гриппдан эҳтиёт бўлинг!


Феруза Қишнинг совуқ кунларида Ўзбекистонда грипп ва ўткир респиратор касалликлар тарқалаётгани кузатилмоқда. Мутахассислар бу ҳолат мавсумий эканини маълум қилаётир.

Ўзбекистон Санитария-эпидемиология назорати маркази эпидемиология бўлими бошлиғи Людмила Кудашованинг сўзларига қараганда, айни пайтда мамлакатда грипп ва ўткир респиратор касалликлар ёз ва баҳор мавсумларига нисбатан кўпайгани кузатиляпти. Бу касалликлар, асосан, ноябрь, декабрь ва январь ойларида авж олади. Аммо ҳозир Ўзбекистонда грипп бўйича вазият қониқарли бўлиб, касаллик эпидемия даражасида эмас.

Л.Кудашеванинг таъкидлашича, ҳавонинг совиши ва болаларнинг қишки таътилдан қайтиши мактаб ўқувчилари ҳамда қариялар ўртасида грипп тарқалиши хавфини кучайтиради.

“Ҳар йили биз гриппга чалиниш эҳтимоли юқори бўлган кишилар гуруҳи – ҳайдовчилар, кондукторлар, савдо ва тиббиёт ходимларини гриппга қарши эмлаймиз. Кўпгина ташкилотлар грипп вакциналарини ўзлари сотиб олмоқда. Шу билан бирга, фуқаролар ҳам гриппга қарши ўз ҳисобидан эмланяпти. Бизда грипп касаллигининг олдини олишда ниқобчалардан кенг фойдаланиш амалиёти қўлланилади”, - деди Л.Кудашева.

Тошкентдаги оилавий поликлиникалардан бирининг ходимаси Мафтуна Орипованинг билдиришича, бу йил грипп кишиларда томоқ оғриши ва йўталиш кўринишида билинмоқда. Аввалги йилларда гриппнинг белгиси кўздан ёш оқиши, қизиш кўринишида эди. Кишиларнинг қишга тайёргарлиги яхши эмаслиги, кўп қаватли уйларнинг меъёрида иситилмаслиги грипп тарқалиши хавфини ошираётир.
XS
SM
MD
LG