Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 19:58

Растада савдо қилишнинг нимаси ёмон?


Басира Бухоро шаҳри ҳокимининг “Карвон” буюм бозорида фақат дўконлар орқали савдо қилишни йўлга қўйишга қаратилган қарори бу ерда фаолият кўрсатаётган тадбиркорларнинг норозилигига сабаб бўлмоқда.

“Карвон” Бухородаги энг йирик бозорлардан бири ҳисобланади. Бозор 1996 йилда қурилган бўлиб, унда беш юзга яқин савдогар фаолият кўрсатади.

Бу ердаги савдогарлар норозилигининг бош сабаби шундаки, январь ойидан бозор ҳудудида Бухоро шаҳри ҳокимининг қарори билан дўконлар қурила бошлади. Қарорга кўра, тадбиркорлар фақат шу дўконларда савдо қилиш ҳуқуқига эга бўлади.

Тадбиркорлардан бирининг сўзларига қараганда, битта дўкон баҳоси 4,5-5 миллион сўм атрофида бўлиши айтилмоқда. Савдогарларда эса бунча пул йўқ. Улар илгари бозордан оддий раста олиш учун ҳам катта миқдорда пул тўлаган. Кўпчилик қарз олишига тўғри келган. Бунинг устига, савдо қилиш ҳуқуқини берадиган ҳужжатлар тўғрилаш, солиқлар тўлаш ҳам уларнинг силласини қуритган.

“Дўконларни сотиб олиш учун бизга кредит бериш ваъда қилинмоқда. Биз кредитни ола олмаймиз. Чунки уни олгандан кейин тўлаш ҳам керак. Биз қандай тўлаймиз?! Дўконда савдо қилишнинг харажати жуда катта бўлади. Эшитишимизча, битта дўконнинг нархи 2,5-3 миллион сўмдан кам бўлмайди. Бизда эса бунинг ўндан бирича пул бор ёки йўқ. Бор пулимизни савдога ишлатяпмиз. Ҳозир ҳамма таҳликада. Зеро, ҳеч кимнинг дўконни сотиб олишга қурби етмайди. Катта-катта фирмалар сотиб олиб, бизга ижарага бериши мумкин. Бизнинг эса ҳам солиқ, ҳам ижара пули тўлашга имкониятимиз бўлмайди”, - деди ўзини Латофат деб таништирган савдогар.

“Бухоробозорсавдо” уюшмаси раиси Нурилло Обидовнинг таъкидлашича, савдо дўконларининг қурилиши Бухоро шаҳри ҳокими Карим Камоловнинг 2005 йилда “Карвон” буюм бозорини замонавий талаблар асосида қайта қуриш ва ободонлаштириш тўғрисидаги қарори бўйича амалга оширилмоқда. Шу билан бирга, тадбиркорлар ўртасида Вазирлар Маҳкамасининг импорт операциялари билан шуғулланувчи жисмоний шахсларни қайта рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги 387-қарори юзасидан тушунтириш олиб борилаётир.

Эслатиб ўтиш жоиз, “Карвон” бозорида савдо қилувчи тадбиркорлар бу қарордан норозилик билдириб, ўтган йилнинг 1 ноябрида Бохоро шаҳрига элтувчи марказий кўчани тўсиб қўйган эди. Ўшанда шаҳар ҳокими К.Камолов савдогарлар билан учрашиб, уларга кўмак кўрсатишга ваъда берганди.

Тадбиркорларнинг билдиришича, шундан кейин ҳокимлик уларга ҳеч қандай ёрдам кўрсатмаган. Аксинча аҳвол янада ёмонлашяпти. Маҳаллий ҳокимият вакиллари норозилик уюштирадиган, қарор ижросига қарши ташвиқот ўтказадиган кишилар қамалишини айтиб, пўписа қилмоқда.

Айни пайтда “Карвон” бозори ҳудудида қирққа яқин савдо дўкони қуриб битказилди. Аммо тадбиркорларнинг сотиб олишга қурби етмагани сабабли бу дўконлар бўш турибди.

Бозор маъмуриятидан олинган маълумотга кўра, 2005 йил давомида бозорда бирорта савдо растаси қолмайди.
XS
SM
MD
LG