Линклар

logo-print

Қозоқ аскарининг ўқи ўзбекни оёқсиз қолдирди


Тўлқин 14 январь куни Ўзбекистон-Қозоғистон чеграсида қозоқ чегарачилари ўзбек фуқароларидан бирини отиб ўлдирган, иккитасига тан жароҳати етказган эди. Бу воқеа тафсилотлари турлича талқин этилмоқда.

Шу сабабли “Озодлик” мухбири воқеа жойида бўлиб, жабрланувчилар ва унга бевосита гувоҳ бўлган кишилар билан суҳбатлашди.

Эслатиб ўтамиз, бу фожеа Тошкент туманининг Қозоғистондаги Сариоғоч тумани билан чегара ҳудудида юз берганди. Ўзбекистонлик 1965 йилда туғилган Собит Муҳаммедов қозоғистонлик икки чегарачи томонидан отиб ўлдирилганди. 1985 йилда туғилган Комил Қодиров эса оёғидан ўқ ейиши оқибатида Сариоғоч шифохонасига олиб кетилганди. Чегарачилар томонидан калтакланган 1984 йилда туғилган Ҳусан Расулов ўша куни ҳушсиз ҳолда Тошкент туманининг 1-шифохонасига ётқизилганди.

“Озодлик” мухбири Ҳ.Расулов даволанаётган шифохонада бўлиб, жабрланувчидан воқеа тафсилотларини сўради.

Ҳ.Расуловнинг сўзларига қараганда, у чегаранинг Ўзбекистон томонида мол боқиб юрганида қозоғистонлик икки аскар келган ва контрабанда юк ўтган-ўтмаганини сўраган. У буни кўрмаганини айтгач, чегарачилар калтаклай бошлаган. Чегарачилар Ҳусанни Қозоғистон томонга мажбуран олиб кетган. Калтаклаш бу ерда ҳам давом этган.

Воқеа гувоҳларидан бири, қозоғистонлик чегарачилар отиб ўлдирган С.Муҳаммадовнинг ўғли Фахриддиннинг таъкидлашича, отаси чегарачилар олдига келиб, Ҳусанни қўйиб юборишни сўраган. Лекин улар бунга эътибор қаратмаган. Шундан кейин бу ерга С.Муҳаммедовнинг жияни К.Қодиров ҳам етиб келган ва қозоқ чегарачилари уларга қарата ўқ отган.

Аммо Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитаси тарқатган баёнотда чегарачи аскарлар контрабанда йўли билан маҳсулот олиб ўтаётган фуқароларни тутиб олгани ва улар чегарачиларга қаршилик қилгани туфайли ўқ отилгани айтилади.

“Бу бир баҳона, - деди жабрланувчиларнинг яқинлари, - Қозоғистон томони буни исботлаб бера олмади. Чунки воқеа жойида товар ҳам бўлмаган. Бу ерга келган кишилар эса уйида бўлган. Улар жанжални эшитиб, кейин воқеа жойига келган”.

С.Муҳаммедовнинг укаси Шавкат Муҳаммедовнинг айтишича, учинчи жабрланувчи К.Қодиров С.Муҳаммедовни ажратгани чегарани кесиб ўтган. Шу вақтда қозоқ аскарлари С.Муҳаммедовни отиб ташланган. У томон бораётган К.Қодировга ҳам ўқ узилган. Айни пайтда К.Қодиров Сариоғочдаги шифохонада даволанмоқда, унинг бир оёғи кесиб ташланган.
XS
SM
MD
LG