Линклар

Норинкапа қишда музламоқда


Наманган вилоятининг кўпгина қишлоқларида қиш кунлари хонадонларни иситиш учун газ, кўмир, ўтин етишмаслиги сабабли аҳоли ўртасида турли касалликлар кўпайиб бормоқда.

Норин туманидаги Норинкапа қишлоғи аҳли Сиҳат-саломатлик йили (Ўзбекистонда 2005 йилга шундай ном берилган) ўзлари учун хайрли бошланмаганини айтмоқда.

Уларнинг сўзларига қараганда, қишли-қировли кунларда аҳоли хонадонларини иситишга ҳеч нарса йўқ. Ўтган йили қишлоқни ўз ҳисобидан газлаштириш учун аҳоли минг-минг сўмлаб маблағ сарфлаган бўлса-да, бунинг фойдаси бўлмади.

Норинкапалик Дилбархон Орипованинг таъкидлашича, ўтган йили уйига газ қувури ўтказиш учун молини сотиб, 300 минг сўм сарфлаган. Ўн беш кун давомида газ келиб турган. Кейин эса ўчиб қолган. Бу йил аҳвол 2004 йилдагидан ҳам ёмон.

“Сайлов арафасида - 8 декабрь куни қишлоқ фуқаролар йиғини олдида аҳоли йиғилиб, оқсоқолдан ҳокимият вакилларини чақиришни талаб қилди. Аҳоли агар қишлоқ газ билан таъминланмаса, ҳеч ким сайловда овоз бермаслигини айтди. Чунки аввалги депутат 5 йил давомида қорасини ҳам кўрсатгани йўқ”, - деди Д.Орипова.

75 ёшли Ҳамроқул отанинг айтишича, Ўзбекистон Президенти Норинкапада бўлганида қишлоқни тўла газлаштиришга ваъда берган эди. Лекин бу ваъда бажарилмади. Ҳозир аҳоли тезак, ўтин, кепак ёқиб, уйларини иситишга ҳаракат қиляпти.

Қишлоқ хонадонлари жуда совуқ бўлгани учун кўпгина фуқароларга касалликка чалинмоқда. Кўпчилик грипп билан оғриган.

“Эзгулик” инсон ҳуқуқлари жамияти Норин тумани бўлими раиси Ҳошимжон Жамбуловнинг билдиришича, ҳуқуқ ҳимоячилари газ таъминоти борасида газ идоралари, ҳокимлик ва фуқаролар йиғинлари раҳбарлари билан суҳбатлашган. Улар бу масалани туман ёки вилоят миқёсида ҳал қилишнинг иложи йўқлигини, муаммони ечишга фақат ҳукуматгина қодирлигини айтган.
XS
SM
MD
LG