Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 20:42

Болалар сичқонлар билан бирга ўқимоқда


Лобар Айни кунларда Сирдарё вилоятида бир неча мактаблар таъмирланмоқда. Шу боис, мазкур мактаблар ўқувчилари яқин атрофдаги мослаштирилганмаган, яроқсиз биноларда таҳсил оляпти.

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг 2004 йил 9 июлдаги 321-қарори 2009 йилгача мамлакатдаги мактабларни таъмирлаш ва бошқа бир қанча вазифаларни бажаришни кўзда тутади.

Сирдарё вилоятидаги мактабларни таъмирлаш ишлари ҳам шу қарор ижросини таъминлаш бўйича амалга оширилмоқда.

Гулистон туманидаги Улуғбек номидаги 3-мактабни таъмирлаш қиш кириб келганда бошланди. Мактабнинг 800 дан ортиқ ўқувчиси таълим олиш шароити бўлмаган биноларга кўчирилган.

Ўқувчиларнинг сўзларига қараганда, улар зах ва совуқ хоналарда таълим олмоқда. Хоналарнинг дераза ойналари синган.

Ўқитувчиларнинг айтишича, хоналарда сичқон ва каламушлар ин қурган. Бу эса юқумли касалликлар тарқалиш хавфини туғдиради.

Ота-оналар пул топилганда мактабнинг таъмирланиб қолгани маъқул бўлишини билдиряпти. Шу билан бирга, улар таъмирлаш ёз вақтида ўтказилганда мақсадга мувофиқлигини, чунки қишдаги таъмир барибир сифатсиз бўлишини таъкидлаяпти.

Сирдарё вилояти халқ таълими бошқармаси вакили Собир Жўрабоевнинг маълум қилишича, 2004 йилда 30 та мактабни таъмирдан чиқариш режалаштирилган эди. Бунинг учун 830 миллион сўмга яқин маблағ сарфланиши кўзда тутилганди. 1 январгача 10 та мактаб таъмирлаб бўлинди. Бунинг учун зарур бўлган 400 миллион сўм маблағ Осиё тараққиёт банки томонидан ажратилган.

С.Жўрабоев айни пайтда бирорта мактабда таъмирлаш ишлари олиб борилмаётганини таъкидлади. Аммо Гулистон туманидаги 3-мактаб ўқитувчилари ва ўқувчилари қишда бошланган таъмир ишлари янги ўқув йилигача якунланса ҳам хурсанд бўлишини айтмоқда.
XS
SM
MD
LG