Линклар

logo-print

Бу йилги ҳаж зиёратида 2 миллиондан ортиқ мусулмон қатнашмоқда

  • Фаррух Юсуфий

Ҳаж зиёрати диний амалиёт бўлишига қарамасдан, Саудия Арабистони ҳукуматини ўзи учун душман, деб билган Исломчи жанггарилар ҳаж пайтида зўравонликлар уюштириши мумкин, деган хавотирлар бор. Ҳаж пайтида ҳеч қачон террорчи ҳаракатлар амалга оширилмаган бўлса-да оҳирги йилларда Саудия Арабистонида Ал-Қайдага алоқадор гуруҳларга қарши кураш олиб борилмоқда. Мамлакатда 2003 йилнинг май ойидан бери 100дан ортиқ одам, асосан чет эл фуқаролари, террор ҳаракатларнинг қурбонига айланди. Бу йилги ҳаж зиёратига Саудия ҳукумати 50 мингга яқин хавфсизлик ходимини жалб этган, улардан 10 минг нафари тўғридан-тўғри хавфсизлик масалалри билан шуғулланади.

Ҳаж зиёратига отланган бир гуруҳ ҳамюртларимиз, сафар олдидан террор хавфидан чўчимасликлари, аниқроғи бундай хавф уларни умуман хавотирга солмаслиги ҳақида айтган эдилар.

Шу билан бирга Шайх Муҳаммад Юсуф Муҳаммад Содиқ ҳазратлари ҳар бир мусулмон агар ҳаж сафари пайтида вафот этадиган бўлса, унга кейинги ҳаётда мукофотлар берилжагига ишонишини айтади.

“Ваъдалар катта. Ким ҳаж кийимида, ҳаж амалларини бажараётганда вафот этадиган бўлса, ўша кийимда, ўша ҳолатда қиёматда қайта тирилади, деган ваъдалар бор. Пайғамбаримиз Алайҳисалоту Вассаламнинг даврларида бир ҳожи туядан йиқилиб, бўйни синиб ўлиб қолган. Пайғамбаримиз Алайҳисалоту Вассалам ўша ҳожининг яқинларига ана шу гапларни айтганлар”.

Зиёратчиларни террор хавфи хавотирга солмаслигининг яна бир сабаби ҳаж зиёрати даври Ер юзида энг муқаддас давр ҳисобланиши, дейди шайх. Унинг айтишича, бу даврда ҳар қандай зўравонлик тақиқланган ва ҳеч қандай Исломчи экстремист гуруҳлар Оллоҳнинг меҳмонлари ҳисобланган зиёратчиларга таҳдид солишга журъат қила олмайди.

“Бу вақтда бирор кисмага зарар етказиш Исломий тушунчада мутлақо йўқ. Шунинг учун мусулмонларнинг ичида, қанчалик йўлдан адашган бўлса ҳам, қанчалик куч ишлатишни ўзига шиор қилиб олган бўлса ҳам бирор оқим ёки тўп ҳожиларга нисбатан суиқасд қилиш ёки террор амалларини оширишни ҳозиргача ўзига раво кўргани йўқ”.

Саудия Арабистонида инглиз тилида чиқадиган “Араб Нюз” газетасининг бош муҳаррири Ҳалид Ал-Майина мусулмонларнинг ўзлари ҳам ҳаж вақтида ҳеч қандай зўравонликка йўл қўймаслигини айтади.

“Террорчилар ўз ҳаракатини яна бир сабабга кўра амалга ошира олмайди. Одамлар бунга тоқат қилиб турмайди ва уларни қўллаб-қувватлаётганлар ҳам улардан юз ўгиради. Зиёратчилар бутун дунёдан келмоқда. Бу вақт – тинчлик ва ибодат вақти. Ибодат жойида ким ғайриинсоний ёки тероррор ҳарактини оширишга журъат этади?”

Бироқ, Саудия Арабистони ҳукумати қаттиқ хавфсизлик чораларини кўрди. Жиддадаги Қирол Абдул Азиз номидаги аэропортда кўз қорачиғи ва қўл изларини текширувчи ускуналар ўрнатилди. Бу йилги ҳаж зиёратини адо этгани икки ярим миллион зиёратчиларнинг 80 фоизи айни шу аэропот орқали борган. Бундан ташқари, Саудия ҳукуматининг Ал-Қайда такшилоти хожилар орасида янги аъзоларни ёллаши мумкин, деган хавотирлар туфайли шубҳали шахсларни аниқловчи янги технологиялар ҳам ишлаб чиқилди.

Лекин Британиядаги Ҳизбут Таҳрир ташкилотининг миллий ижроия қўмитаси аъзоси Козим Ҳўжанинг Озодлик радиосига айтишича, Саудия ҳукуматининг хавфсизлик чораларини оширишига яна бир сабаб ҳаж зиёрати даврида сиёсий мунозаралар бўлишини назорат қилиш истагидир.

“Ишончим комилки, мусулмон жамиятларида қўрқув уйғотиш ҳамда Исломий мунозараларни жиддий назорат қилишга уринишлар бўлмоқда. Чунки бу ҳукуматларнинг кўпчилигини жисмоний хавфдан кўра, интеллектуал, маънавий хавф кўпроқ хавотирга солмоқда. Бу хавф эса дунёнинг турли бурчакларидан келган мусулмонларнинг ўзаро мулоқот қила олишлари имконида кўрилмоқда”.

“Араб Нюз” газетасининг бош муҳаррири Ҳалид Ал-Майина ҳам Саудия Арабистони ҳукумати ҳаж пайтида ҳар қандай сиёсий мунозарага йўл қўймаслик истагида эканини айтади. Чунки, дейду у, ҳаж зиёрати диний амалиёт, сиёсий фикр билдириш жойи эмас.

“Бир нарсани ёдда тутмоқ лозим. Саудияликлар ҳаж пайтида сиёсий мунозара ёки сиёсий намойишларга йўл қўймайди. Зиёратчи учун бу тинчлик ва ибодат вақтидир”.
XS
SM
MD
LG