Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 09:43

Ўзбекистонлик ҳожилар соғ-саломат


Зикрилло Ишонч Айни кунларда ўзбекистонлик 4 мингдан ортиқ фуқаро Саудия Арабистонида ҳаж зиёратларини адо этмоқда. “Озодлик” мухбири телефон орқали уларнинг баъзилари билан суҳбатда бўлди.

Тошкентлик Жалолиддин ҳожининг сўзларига қараганда, ўзбекистонлик зиёратчилар айни пайтда Минодан Арафотга автобусларга кетма-кет келиб турибди. Уларнинг ҳаммаси соғ-саломат.

Ҳожи Абдухолиқнинг таъкидлашича, ўзбекистонлик ҳожилар Муҳаммад салоллоҳу алайҳи васаллам, Ҳазрати Абубакр Сиддиқ разиаллоҳу анҳу ва бошқа мўътабар инсонларнинг қабрларини зиёрат қилган. Ўзбекистондан жами 4 минг 270 киши ҳаж зиёратида иштирок этмоқда.

Суҳбатдош ҳожиларнинг билдиришича, Саудия Арабистони ҳукумати зиёратчиларнинг хавфсизлигини таъминлаш учун барча чораларни кўрмоқда. Бу мамлакатдаги иқлим шу кунларда анча илиқ. Ўта иссиқ ҳам, совуқ ҳам эмас. Ўзбекистонлик ҳожилар Арафот тоғида Европа давлатларидан келган зиёратчилар билан бир гуруҳда турибди.

“Эртага Минода шайтонга тош отиш маросимини бошлаймиз. Қурбонлик қилингандан кейин ҳожиларимиз эҳромни ечади. Шундан кейин, худо хоҳласа, ҳаж амалларини тугатамиз”, - деди Абдухолиқ ҳожи.

Маълумотларга кўра, ҳаж зиёратида ҳожиларнинг пул ва бисотларини ўғирлаш тез-тез содир бўлади.

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари қўмитаси раиси ўринбосари Шуҳрат Исмоиловнинг айтишича, ўзбекистонлик ҳожиларнинг бу ҳолатга дуч келгани ҳақида маълумот йўқ. Лекин ҳожиларни ўмариш аввалдан мавжуд. Ўғирлик кўпроқ Каъбатуллоҳни зиёрат қилиш чоғида юз беради.
XS
SM
MD
LG