Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 22:57

Япониядаги халқаро анжуманда табиий офатлар зарарини камайтириш масаласи муҳокама этилди


26 декабр куни Ҳинд океани тубида юз берган зилзила натижасида содир бўлган денгиз тўфони оқибатида 175 мингдан ортиқ одам нобуд бўлди. 18 январ куни Япониянинг Кобе шаҳрида шу каби табиий офат зарарини камайтириш мавзуига бағишланган халқаро анжуман иш бошлади. Анжуманда қатнашаётган мутахассислар табиий офат ҳақида олдиндан огоҳлантирувчи система яратиш ишларига сарфланган хатто кичик миқдордаги маблағ кўплаб одам ҳаётини сақлаб қолиши ва моддий зарар миқдорини анча камайтириши мумкин, деган фикр билдирди.
“Тоза табиат” рукнининг бугунги сонида мана шу мавзу, шунингдек, Ўзбекистонда зилзила оқибатларини камайтириш учун қандай чоралар кўрилаётгани хусусидаги мутахассислар фикр-мулоҳазалари билан ҳам танишиш имкониятига эга бўласиз.


Кобе шаҳрида ўтказилган халқаро анжуман аслида шу шаҳарда кучли зилзила содир бўлганининг 10 йиллигига бағишланиши кўзда тутилган эди. Бироқ Ҳинд океанида денгиз тўфони юз берганидан кейин, анжуманда қатнашиш истагини билдирган мутахассислар сони кутилганидан икки баробар ошди.

Анжуман очилишида унинг қатнашчилари денгиз тўфонида нобуд бўлганлар хотирасини бир дақиқа сукут сақлаш билан ёд этдилар. Шундан сўнг БМТ Бош котиби Кофи Аннан Кобе анжумани қатнашчиларига видео орқали мурожаат қилди:

“Мана шундай табиий офат юз берганида вайрон бўлган жойларни қайта тиклашнинг ўзи етарли эмас. Келажакда шундай фожиа қайтарилишига йўл қўймаслик учун биз бундан сабоқ олишимиз керак,” - деди БМТ Бош котиби.

Мутахассислар фикрича, мана шундай сабоқлардан бири Ҳинд океанига табиий офат тўғрисида аввалдан огоҳлантирувчи система ўрнатиш лозимлигини англаш бўлди. Агар донор давлатлар етарли маблағ ажратса ва шу режа амалга ошса, келажакда табиий офатдан зарарни анча камайтириш мумкин бўлади.

БМТнинг илм-фан ва маданият масалалари билан шуғулланувчи ташкилоти, ЮНЕСКО маълумотига кўра, Ҳинд океанига табиий офат ҳақида огоҳлантирувчи система ўрнатиш учун 30 миллион доллар керак бўлади. Бу денгиз тўфонидан азият чеккан Жанубий Осиё давлатларига ваъда қилган катта ёрдамнинг кичик бир қисми холос. ЮНЕСКО вакиллари ана шундай огоҳлантирувчи система ўрнатиш тўғрисидаги лойиҳани Кобе анжумани қатнашчилари муҳокамасига тақдим этди. Шунингдек, мутахассислар табиий офат юз берган пайтда касалхоналар, электр станциялари ва шу каби бошқа муҳим объектларни қандай ҳимоялаш кераклиги масаласини ҳам кўриб чиқмоқда.

Денгиз тўфони жабрдийдаларига кўрсатилаётган ёрдамни мувофиқлаштирувчи БМТ расмийси Ян Эгеланд ёрдамнинг 10 фоизи табиий офат хавфини камайтириш ишларига сарфланиши керак, деган фикр билдирди:

“Марҳум хотирасини ёд этишнинг энг яхши йўли тирикларни ҳимоя қилишдир. Буни амалга ошириш учун эса биз ғайрат ва шижоат билан янги курашга бел боғлашимиз лозим”.

Маълумотларга кўра, дунёдаги жами ер силкинишларининг тахминан 20 фоизи Японияда содир бўлади. Шу сабабли зилзила қандай зиён келтириши мумкинлигини яхши билган Япония ҳукумати табиий офат тўғрисида аввалдан огоҳлантирувчи система барпо этиш учун маблағ ажратишга ваъда берди. Бундан ташқари зилзила бўйича бой тажриба орттирган япон олимлари ҳам бу ишда яқиндан ёрдам беришга қарор қилди.

Кобе анжумани қатнашчиларига Япония императори Акихито шундай мурожаат қилди:

“Мен анжуман муҳокамалари орқали табиий офатдан ҳимояланиш борасида Япония олимлари узоқ йиллар давомида орттирган бой тажрибаси дунёнинг бошқа давлатларида табиий офатлар зарарини камайтиришда ёрдам беради, деган умиддаман”.

Мутахассислар фикрича, замонавий технологиялар ва маблағ муаммони узил-кесил ҳал қилмайди. Табиий офат зарарини камайтириш учун чекка минтақаларда яшовчи аҳолини ҳам ўз вақтида огоҳлантириш, шунингдек, одамларга офат рўй берган ҳолларда қандай ҳаракат қилиш кераклигини ўргатиш лозим.
XS
SM
MD
LG