Линклар

Қозоғистондаги апелляция суди Қозоғистон демократик танлови партияси хусусида аввалги суд чиқарган қарорни ўзгаришсиз қолдирди

  • Ҳасанжон

Қозоғистондаги апелляция суди “Қозоғистон демократик танлови” мухолифат партияси фаолиятини тўхтатиш тўғрисида шу ой бошида аввалги суд чиқарган қарорни ўз кучида қолдирди. Парламент сайловларида муваффақиятга эришмаганига қарамай, партия ҳукуматни очиқдан-очиқ танқид қилиб келаётган эди. Бундай хатти-ҳаракатлар ҳукуматни ғазаблантирган ва унга тахдид солган кўринади. Қозоғистон демократик танлови партияси ўз фаолиятини тўхтатиш тўғрисидаги суд қарорини бекор қилиш йўлидаги курашда умидсизликка тушгани йўқ. Аммо партияга қарши бундай ҳаракат келаси йил бўладиган президентлик сайлови олдидан мухолифатни кучсизлантириш йўлидаги ҳукумат режасининг бир қисми бўлиши мумкин.

Қозоғистондаги суд Қозоғистон демократик танлови мухолифат партияси фаолиятини тўхтатиш тўғрисида аввалги суд чиқарган қарорни ўз кучида қолдирганидан кейин партия сиёсий инқироз сари бир қадам яқинлашди.

Аппеляция судида қатнашган “Жума Таймс-Дата Недели” номли газета бош муҳаррири Жумаш Кенебай Озодлик радиоси мухбирига суд қарори олдиндан маълумлигини айтди.

”Мен суд жараёнини бошидан охиригача кузатиб бордим. Менга бир нарса аён бўлдики, бунинг бари ҳукумат томонидан уюштирилган. Қарорнинг ўзи жуда узун. Уни 15 дақиқада ҳам босмадан чиқариб бўлмайди. Чамаси қарор олдиндан тайёрланган. Ҳаммаси аввалдан маълум эди. Бу иш ортида сиёсий сабаблар бор”, - дейди қозоғистонлик журналист.

Расман олганда, Қозоғистон демократик танлови партияси фаолияти ўтган йил сентябр ойида парламент сайловлари бўлиб ўтганидан кейин фуқароларни норозилик намойиши ўтказишга даъват қилгани учун таъқиқланган.

2001 йил охирида ташкил этилганидан бери партия аъзолари юқори лавозимли расмийлар, жумладан Президент Нурсултон Назарбоев ҳукумати ҳам коррупцияга алоқадорлигини даъво қилиб келмоқда.

Қозоғистон демократик танлови партияси асосчилари ҳисобланган собиқ юқори лавозимли ҳукумат расмийлари Ғалимжон Жакиянов ва Мухтор Аблязовлар партия тузилганидан кейин бир неча ойга озодликдан маҳрум этилган.

Парламент сайловларида ҳам партияни рўйҳатдан ўтказишда муаммоларга дуч келинган.

Душанба кунги маҳкама қарори якуний эмас. Қозоғистон демократик танлови раҳбарларидан бири Асилбек Қўжаҳмедов Озодлик радиосига партия ўзининг барча имкониятини ишга солишини айтади:

”Қонун бўйича яна иккита юқори суд органига шикоят аризаси билан мурожаат қилишга ҳақлимиз. Бугун биз иш сиртдан кўрилгани масаласида тортишдик. Энди ишимиз иқтисодий судда кўриб чиқилиши учун курашамиз. Биз қандай иқтисодий жиноят қилган эканмиз? Мен хайронман. Бизнинг иш яна маъмурий судда ҳам кўрилиши керак”, - дейди партия вакили.

Кузатувчилар Қозоғистон демократик танлови партиясининг иши 2006 йилда бўладиган президентлик сайловларига алоқадор бўлиши мумкин, деган фикрда.

Лондондаги “Жейнс Сентинел” тадқиқот маркази таҳлилчиси Алекс Ватанкага кўра, Украинадаги “зафарон” инқилобидан кейин Қозоғистон демократик танлови партияси раҳбарлари Киевга бориб, мухолифат раҳбари Виктор Юшченко билан учрашган. Бу Қозоғистон ҳукумати расмийларини ташвишга солган:

”Қозоғистон демократик танлови ва мухолифатнинг бошқа вакиллари Президент этиб сайланган Виктор Юшченко билан учрашиш учун Украинага борди. Бу Президент Нурсултон Назарбоев ва унинг маслаҳатчиларини саросимага солган кўринади”, - дейди британиялик таҳлилчи.

Айни пайтда, Қозоғистондаги бошқа мухолифат партиялари ҳам фаолияти тўхтатилиши мумкинлигидан ташвишланмоқда. Яқинда “Оқ Жўл” партияси раисдоши Булат Абилов ҳукумат худди шу йўл орқали партияни “нейтраллаштириши” мумкинлиги ҳақида гапирди.

Қозоғистонда президентлик сайлови 2006 йил декабрда бўлиб ўтиши режалаштирилган. Бироқ кузатувчилар фикрича, ҳукумат сайловгача Назарбеовнинг қайта президент этиб сайланишига тўсқинлик қилиши мумкин бўлган мухолифатдан қутулишга қарор қилган бўлиши мумкин.

Алекс Ватанкага кўра, Қозоғистон ҳукумати мухолифатнинг Украинадаги “зафарон” инқилоби ёки 2003 йилда Грузияда юз берган “атиргул инқилоби” қайтаришидан ташвишланмаса ҳам бўлади. Чунки, британиялик таҳлилчига кўра, Украинанинг жуғрофий жойлашган ўрни ана шу инқилобда муҳим рол ўйнаган. Қозоғистонда эса вазият бутунлай бошқача:

”Украина ҳозирда Европа Иттифоқи билан чегарадош давлат. Полша каби давлат Украинани ўзига яқин бўлган раҳбар бошқаришидан манфаатдор. Қозоғистонда эса вазият бошқача. Халқаро ҳамжамиятнинг давлат режимига нисбатан босими Қозоғистонда Украинадаги каби кучли эмас”, - дейди британиялик таҳлилчи.

Қозоғистондаги вазият Украинадагидан бошқа жиҳати билан ҳам фарқланади. Асосан нефт бизнеси туфайли мамлакат иқтисодиёти ривожланиб бормоқда. Бундан ташқари, агар сўнгги воқеаларга назар ташланса, Қозоғистонда мухолифат Украина ва Грузиядаги каби кучли эмаслиги аён бўлади.
XS
SM
MD
LG