Линклар

АҚШ Ҳукумати БМТнинг “Озиқ-овқат эвазига нефт” дастури юзасидан олиб борилаётган тергов бўйича дастлабки ҳукмни чиқарди

  • Фаррух Юсуфий

АҚШ Адлия вазирлиги БМТнинг Ироқдаги “Озиқ-овқат эвазига нефт” дастурида йўл қўйилган қонунбузарликлар юзасидан ўтказаётган тергов бўйича дастлабки айблов ҳукмини эълон қилди. Ироқ ва Америка фуқароси бўлган тадбиркор Самир Винсент АҚШ федерал судида унга қўйилаётган айбларга иқрор бўлди. Самир Винсент БМТнинг санкцияларини бекор қилиш ҳаракатлари учун Саддам Ҳусайн режимидан пора олганликда ҳамда Ироқдаги инсонпарварлик дастурига путур етказганликда айбланмоқда. Ҳозирда Винсент БМТнинг можароларга сабаб бўлаётган дастури давомида АҚШ қонунларини ким бузганини аниқлашда АҚШ расмийлари ўтказаётган терговда ҳамкорлик қилмоқда. Ўтаётган ойнинг бошида БМТ эълон қилган молиявий текширув ҳулосасида ташкилот расмийлари томонидан хўжасизлик ва исрофгарчиликка йўл қўйилгани қайд этилган эди.

Самир Винсент БМТнинг Ироқдаги “Озиқ-овқат эвазига нефт” дастурига зарар келтириш ва унда коррупцияни авж олдиришда Саддам Ҳусайнга ҳамтовоқлик қилган, деб баён қилди АҚШ Адлия Визири Жон Эшкрофт.

Эшкрофт сешанба куни қилган баёнотда Винсент АҚШ ҳукумати ва БМТ расмийларини Ироққа оид санкцияларни бекор қилишга унданганликка иқрор бўлганини қайд этди. Бундан ташқари, адлия вазири, Винсент “Озиқ-овқат эвазига нефт” дастурининг муддатидан олдин тасдиқланишига ҳам аралшганини билдирди.

“1996 йилнинг февралида Винсент Бағдодга борган. У ерда Ироқ ҳукумати расмийлари билан “Озиқ-овқат эвазига нефт” дастури жорий этилса, Винсент ва бошқа алоқдар шахсларга миллионлаб доллар миқдорида пул тўланиши ҳақида келишиб олинган”, - деди Эшкрофт.

Сешанба куни Ню Йоркда бўлиб ўтган АҚШ федерал судида Винсент унга қўйилаётган ҳорижий ҳукумат фойдасига жосусдик қилганлик, иқтисодий санкцияларни бузганлик ва даромад солиғини тўлашдан бўйин товлаганлик айбловларига иқрор бўлди.

Сешанба Вашингтонда ўзтказилган матбуот анжуманида АҚШ Адлия вазири Эшкрофт Винсент ўз хизматлари учун пулни БМТ дастури доирасида ишлаб чиқилаётган нефт кўринишида олганини баён қилди.

“1996 ва 2003 йиллар мобайнида Винсент 9 миллион баррелдан ортиқ нефт олганига иқрор бўлди. Бу нефтни у миллионлаб долларга пуллаган”.

АҚШ прокурори Дэвид Келлига кўра, Винсент нефтни сотиш ва Саддам Ҳусайн режимидан олган пул ҳисобидан 3 миллиондан 5 миллионгача даромад қилган.

Винсент 28 йилгача бўлган қамоқ жазосига маҳкум этилиши мумкин. Лекин у АҚШ Адлия вазирлиги билан БМТ дастурида йўл қўйилган қонунбузарликлар юзасидан олиб борилаётган тергов ишларида ҳамкорлик қилмоқда.

“Озиқ-овқат эвазига нефт” БМТ дастури 1996 йилда ишлаб чиқилган эди. Унга кўра, Ироқ ҳукуматига БМТ санкциялари доирасида нефтни сотиб, аҳоли учун зарур бўлган товарларини сотиб олиш руҳсат этилган эди. БМТ Хавфсизлик кенгаши Ироққа нефтни қайси компания ва жисмоний шахсга сотишни танлаш ҳуқуқини берган эди.

Ўтган йили БМТ йўл қўйилган қонунбузарликлар ҳақидаги даъволарни ўргани мақсадида мустақил комиссия тузди. АҚШ Марказий банкининг собиқ раиси Пол Волкер комиссия раҳбари этиб тайинлади. Бир неча ҳафтадан кейин комиссия ўзининг биринчи ҳисоботини эълон қилиши кутилмоқда. Бироқ шу ойнинг бошида Волкер “Озиқ-овқат эвазига нефт” дастури тафтиш ишлари натижаси БМТ расмийлари хўжасизликка йўл қўйганини кўрсатганини маълум қилди.

АҚШ Конгресси кўрсатмаси бўйича текширув ўтказаётган сенатор Норм Коулман БМТ Бош котиби Кофи Ананни истеъфо беришга чақирди. АҚШ ҳукумати бу даъвога қўшилмади ва Кофи Ананни қўллаб-қувватлашини билдирди.

АҚШнинг бўлажак Давлат котиби Кондолизза Райс сешанаба куни Сенат олдида қилган чиқишида БМТ дастурида йўл қўйилган коррупция ҳоллларини тергов қилиш муҳимлигини айтди.

“Биз Ироқда тергов олиб борган гуруҳ хужжатларини жамоатчиликка эълон қилдик. Бу ишда нима бўлганининг тагига етишимиз керак ҳамда айбдорларни топиб, уларни жавобгарликка тортишимиз даркор”, - деди Кондолиза Райс.

Кодолиза Райс айтган гуруҳга БМТнинг қуроллар бўйича собиқ инспектори Чарлз Дулфер бошчилик қилган. Гуруҳ ҳулосасига кўра, Саддам Ҳусайн “Озиқ-овқат эвазига нефт” дастури доирасидаги шартномалар орқали бир ярим миллиард доллар миқдорида пора олган.
XS
SM
MD
LG