Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 20:34

Камбағаллик эмас, ундан уялмаслик қўрқинчлидир


Куни-кеча БМТ ўзининг Мингйиллик тараққиёт дастурига оид амалий режасини эълон қилди. Мазкур режада 2025 йилга қадар дунёда камбағаллик ва очликни тенг ярмига, болалар ўлимини эса 75 фоиз камайтириш, ОИТС, безгак ва бошқа юқумли касалликларни йўқотиш, барча мамлакатларда болаларни бошланғич таълим билан таъминлаш, оналикни ҳимоя қилиш ва экологик устиворликни таъминлаш асосий мақсад қилиб белгиланди.

БМТ маълумотига кўра, ҳозир дунёда тахминан бир миллиард одам бир кунда бир АҚШ доллари ёки ундан ҳам кам миқдорда пул топади. Яна бир миллиарддан кўпроқ одам очликдан азият чекяпти. Ривожланган давлатларда ўртача умр давомийлиги 80 ёшни ташкил этаётган бир пайтда камбағал давлатларда бу кўрсаткич 40 ёшдир.

Ўзбекистон бу жиҳатдан қайси мамлакатлар сафига киради, деган савол туғилади. Энг кам иш ҳақи 6530 сўм эканининг ўзиёқ бу саволга ойдинлик киритиши мумкин аслида.

“Озодлик” мухбири мазкур масалага янада ойдинлик киритиш мақсадида БМТнинг Мингйиллик тараққиёт дастурида иштирок этган ўзбекистонлик мутахассисларга мурожаат қилди.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг оналик ва болаликни муҳофаза қилиш бош бошқармаси бошлиғи Клара Ёдгорованинг билдиришича, Ўзбекистонда айнан оналикни асраш ва 5 ёшгача бўлган болалар ўртасида ўлимнинг олдини олиш борасида алоҳида дастур ишлаб чиқилган. 5 йилга мўлжалланган дастурнинг қиймати 40 миллион доллар бўлиб, бу маблағ ҳисобига вилоятлардаги шифохоналарнинг туғруқ бўлимлари, мамлакатдаги қон қуйиш станциялари замонавий асбоб-ускуналар билан таъминланади.

Иқтисодиёт вазирлиги ходимининг сўзларига қараганда, Ўзбекистонда барча ишлар камбағалликни тугатиш эмас, балки аҳоли турмуш даражасини ошириш йўналишида олиб борилмоқда. Чунки Ўзбекистонни камбағал, деб аташ тўғри эмас.

“Биз Африкадаги қандайдир давлат эмасмизки, ўзимизни қашшоқ ёки камбағал, деб атасак. Бизда, худога шукур, аҳвол анча яхши ва ютуқларимиз ҳам бор”, - деди Иқтисодиёт вазирлиги ходими.

Хуллас, расмий идоралар вакиллари фикрича, Ўзбекистон камбағал давлатлар сирасига кирмайди.

Бу хусусда мустақил кузатувчилар қандай фикрда?

Иқтисодчи Виктор Ивониннинг таъкидлашича, давлат, айниқса, банклар даромад меъёрини назорат қилиш тизимини ўрнатиб олган. Расмий равишда шу тариқа иш ҳақи тўлашни чеклаш ёки вақтида бермаслик давом этаверса, аҳоли турмуш даражаси ўта пастлигича қолаверади.

В. Ивонин аксар ҳолларда ҳукуматнинг расмий маълумотлари ҳамда нодавлат ёки халқаро ташкилотлар келтирган рақамлар ўртасида мунтазам кузатилаётган фарққа ҳам изоҳ берди. Унинг айтишича, расмий статистикада тасвирланаётган ҳолат бор, лекин бу ҳолатни аниқ белгилайдиган рақамлар йўқ. Масалан, турмуш даражаси ортаётгани айтилади, бироқ аниқ маълумотлар келтирилмайди.

Жамиятшунос Баҳодир Мусаев камбағаллик турмуш даражасини учга бўлди, яъни камбағаллик, ўта камбағаллик ва қашшоқлик. Унинг фикрича, Ўзбекистон камбағалликдан ўта камбағаллик ва қашшоқлик сари бормоқда.

“Ёзувчи Собит Мадалиев “камбағаллик қўрқинчли эмас, аксинча камбағалликдан уялмаслик қўрқинчлидир”, деган эди. Бизда худди шу вазият шаклланиб бўлди. Бунинг учун ҳеч қандай ҳисоб-китоб шарт эмас, Ўзбекистонда озгина яшаш кифоя”, - деди Б.Мусаев.

Б.Мусаевнинг айтишича, Ўзбекистондаги вазиятнинг оғирлашаётгани жуда қаттиқ ва кескин чекловлар ҳамда давлат назорати ўрнатилгани натижасидир. Масалан, оддий деҳқон ёки ишчининг устидан қанчадан-қанча назоратчи бор. Агар улар ўз ҳолига қўйилса, қисқа муддатда аҳволини тиклаб олади. Ҳозир эса уларга ишлашга шароит яратиш ўрнига бор-буди тортиб олинмоқда. Ижроия ҳокимиятнинг муҳташам бинолари айнан улар ҳисобидан бунёд этилмоқда.
XS
SM
MD
LG