Линклар

Москвада ҳожатхонада яшаётган ўзбек аёли юртига қайтишни истамади


Феруза Самарқанддан Москва шаҳрига иш излаб борган 25 ёшли ўзбек аёли Малоҳат Мингбоева Россия пойтахтидаги ҳожатхоналардан бирида ёш фарзанди билан яшамоқда.

Бу ҳақда мақола эълон қилган “Московский комсомолец” (МК) газетасининг ёзишича, самарқандлик аёл паспортини йўқотиб қўйганидан кейин шу аҳволга тушган.

“Озодлик” мухбири мазкур мақола муаллифи Ксения Максимова билан суҳбатда бўлди.

К.Максимованинг сўзларига қараганда, Малоҳат яшаётган жой эни ва бўйи 2 метр келадиган хонача, тўғрироғи кичик биоҳожатхона бўлиб, фанер деворнинг бир томонида унитаз жойлашган. Ҳожатхонанинг иккинчи томонида кичкина туйнук бўлиб, Малоҳат ҳожатмандларга ҳожатхона қоғози беради ва ҳар биридан бу ерга киргани учун 5 рублдан пул олади. Ҳожатхона хўжайинлари уни бу ерни тозалаш ва келганларга хизмат қилиш учун ёллаган. Малоҳат туйнукнинг орқасидаги хоначада 4 ойлик қизи билан яшайди.

К.Максимованинг таъкидлашича, Малоҳат жуда содда бўлганлиги учун Москвага келиши билан паспорти ва бор будида ажраган. Дугонаси билан бир муддат ижара уйда яшаган. Бироқ боласи туғилгач, уй эгаси уни ҳайдаб юборган.

“Малоҳат бизга ўзининг муаммолари тўғрисида гапиришга ҳам тортинди. Ҳозир уни ҳожатхонадан ҳам ҳайдаб юборишган. Биз унга имкон қадар ёрдам бермоқчимиз. Ахир унинг мусофирликда туғилган қизчасида ҳеч қандай айб йўқ-ку”, - деди МК мухбири.

“Озодлик” мухбири М.Мингбоевани МК таҳририятидан топди. Аввалига у кайфияти жуда ёмонлигини айтиб, суҳбатлашишга рағбат билдирмади. Бироқ кейин ҳаёти қанча оғир бўлмасин, бундан бировга шикоят этмаётгани, қийинчиликларни ўзи енгишга ҳаракат қилаётганини таъкидлади.

“Ҳозир менга таҳририят ёрдам беряпти. Бу ерга одамлар телефон қилиб, менга иш таклиф этмоқда. Мен Ўзбекистонга қайтмайман, чунки у ерда жуда қийналганман. Нон йўқ, иш йўқ, кийим йўқ у ерда. Менга паспорт олишда ёрдам беришса бас. Москвада кунига 300-400 рубль топаман. Бу пулга ҳамма нарса бўлади. Фақат ҳозир жойсиз қолганим учун салгина қийналяпман”, - деди М.Мингбоева.

“Озодлик” радиоси қулликка тушаётган, таҳқирланаётган, зўравонликка учраётган ўзбек мигрантлари ҳақида кўп марта ҳикоя қилган.

Аммо ўзбеклар мигрантларининг сони кундан-кунга кўпайиб бормоқда.

Самарқандлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Комил Ашуровнинг билдиришича, Самарқанд вилоятидан қиш бўлишига қарамай, иқтисодий қийинчиликлар исканжасида қолган жуда кўп фуқаролар Россияга иш излаб кетяпти. Илгари фақат эркаклар кетган бўлса, уларга аёллар ҳам қўшилган. Россияда зўравонликлар кўпайиб кетаётгани, баъзиларнинг ўлиги олиб келинаётгани ҳам уларни қайтара олмаётир.
XS
SM
MD
LG