Линклар

Келаси тўрт йил давомида халқаро ҳамжамият Жорж Бушдан нимани кутиши мумкин?

  • Ҳасанжон

20 январ куни Жорж Буш иккинчи муддатга АҚШ Президенти сифатида қасамёдга келтирилди. Буш президентлигининг биринчи муддати давомида АҚШ кучларининг Ироққа бостириб киргани ва Оқ Уй дунё бўйлаб мусулмон жанггариларга қарши мунозарали, агрессив сиёсат олиб боргани халқаро жамоатчиликни иккига бўлиб қўйди. Келаси тўрт йил давомида халқаро ҳамжамият Жорж Бушдан нимани кутиши мумкин?

Жорж Буш президентлигининг иккинчи муддатида АҚШ ташқи сиёсатининг устувор йўналиши сифатида Ироқ, Эрон ва дунёда демократияни қўллаб-қувватлаш каби масалаларни белгилаган.

Миллий хавфсизлик бўйича Президент маслаҳатчиси Кондолизза Райс келаси тўрт йил давомида АҚШ Давлат котиби вазифасини бажаради. У сешанба куни Сенатнинг Ташқи алоқалар бўйича учрашувида Оқ Уй маъмуриятининг ташқи сиёсати ўзгаришини маълум қилди.

“Американ Энтерпрайз Институт” номли тадқиқот маркази таҳлилчиси Реул Герехтга кўра, бу ўзгариш АҚШнинг дунёда, айниқса, Яқин Шарқ давлатларида демократик жараёнларни кўпроқ қўллаб-қувватлашни ўз ичига олади.

Таҳлилчи фикрича, авваллари Американинг турли мамлакатларни бошқараётган диктаторларни қўллаб-қувватлагани шу давлатлардаги аҳоли норозилиги ҳамда исломчи гуруҳлар радикаллашувига, бу ўз навбатида 2001 йил 11 сентябрда АҚШга қарши террор ҳужуми уюштирилишига олиб келган:

”Агар ҳозирги вазият диктаторлик ва автократиянинг исломий экстремизмга алоқаси борлигидан ташвишланмаган Американинг олдинги маъмуриятлари сиёсати билан таққосланса, жавоб аниқ кўринади. Менимча, Америка ташқи сиёсатида фундаментал ўзгариш рўй берди ва Буш маъмурияти шу йўлдан боришни давом эттиради”, - дейди америкалик таҳлилчи.

Вашингтон расмийлари нафақат Яқин Шарқ балки, собиқ Совет Иттифоқи ҳудудларидаги авторитар раҳбарлар бошқарувидаги жамиятлар эркин бўлиши учун уларга нисбатан дипломатик мулоқот ва молиявий ёрдам воситасидан фойдаланадими ёки бу жамиятларда ўзгариш ясаш учун яна куч қўллайдими? - деган савол туғилади.

Ўта консерватив америкалик таҳлилчи Реул Герехтга кўра, ҳозирда АҚШ Эронга нисбатан қандай сиёсат олиб бориш ҳақида аниқ қарорга келмаган. Аммо Вашингтон расмийлари Эронда демократик ўзгаришлар рўй беришини хоҳлайди. Айни пайтда, Оқ Уй Эроннинг ядровий қуролга эга бўлишига йўл қўймасликни ўта муҳим масала, деб билади.

Европа Иттифоқи Теҳрон расмийларини ядровий қурол яратиш йўлидаги уринишдан воз кечишга кўндириш учун бу мамлакат билан савдо алоқаларини кенгайтирмоқда. Герехтга кўра, АҚШ бу масалани ҳал этиш учун Эронга нисбатан куч қўллаш йўлини танлаши мумкин:

”Европа Иттифоқининг Теҳрон расмийлари билан ҳозиргача олиб борган дипломатик мулоқотлари кўп ҳам самара бермагани учун, менимча, бундан буён Оқ Уй маъмуриятидагилар Эронга превентив ҳарбий зарба бериш масаласини кўтара бошлашади”, - дейди.

Бироқ ҳамма консерватив таҳлилчилар ҳам бу фикрга қўшилмайди.
АҚШнинг собиқ Президенти Роналд Рейган маъмуриятида Миллий хавфсизлик кенгаши аъзоси бўлган Эрон бўйича мутахассис Реймонд Тантерга кўра, Оқ Уй маъмуриятидаги бази расмийлар ҳарбий куч ишлатиш ўрнига Эрон мухолифатини қўллаб-қувватлаш орқали мамлакатда узоқ муддатли ўзгаришларни амалга оширишга тарафдор.


Вашингтон расмийлари Эрон хусусида қандай қарор қабул қилишидан қатъий назар, бу масаласи АҚШ ва Европа Иттифоқи ўртасида сўнгги пайтларда ёмонлашган муносабатларни яхшилашга тўсқинлик қилиши мумкин.

Келаси ой Жорж Буш Европа давлатларига сафар қилади. Буш ва унинг маъмуриятидаги бошқа расмийларга кўра, АҚШ Европа Иттифоқи билан муносабатларини яхшилашга тайёр. Бироқ Европа Иттифоқи расмийлари бунинг учун Америка президенти Исроил - Фаластин можаросини энг устувор масала сифатида белгилаши кераклигини билдиришди.

АҚШнинг яқин иттифоқчиси бўлиб келган Британия Бош вазири Тони Блэр пайшанба куни Британиядаги “Гардиан” газетасида чоп этилган интервьюсида Жорж Буш президентлигининг иккинчи муддати давомида ташқи сиёсат соҳасида кўпроқ ён босиш сиёсатини олиб боришини билдирган. Блэрга кўра, Буш президентлигининг биринчи муддати давомида ўзи учун тегишли хулосалар чиқарган. Тони Блэр шунингдек, Буш Киото протоколи хусусидаги қарорини ўзгартирмаслигини, лекин глобал иқлим ўзгаришининг олдини олиш борасида алтернатив чора кўриш ниятида эканини билдирди.

Таҳлилчиларга кўра, жорий йилда Оқ Уй маъмурияти асосий эътибори Ироққа қаратади.
XS
SM
MD
LG