Линклар

“Freedom house” Ўзбекистонда сувдан қуруқ олиб чиқди..ми?


Ҳакимбек Қамоқхонада вафот этгани айтилаётган Самандар Умаровнинг яқинлари унинг ўлимини текширган махсус комиссиянинг хулосаси ўзларини қониқтирмаслигини билдирмоқда.

С.Умаровнинг ўлиги 3 январь куни уйига олиб келинган эди. Ўшанда яқинлари унинг қамоқхонада қийноқлар натижасида вафот этганини иддао қилганди. Расмийлар эса марҳум мияга қон қуйилиши оқибатида вафот этгани хусусида хулоса берганди.

Лекин бу хулоса кўпчиликда шубҳа уйғотгач, Ўзбекистон Бош прокуратураси ва “Freedom house” ташкилоти бошчилигида махсус экспертлар гуруҳи тузилганди. Бу комиссия ҳам бир қанча вақт ўтгандан кейин С.Умаров мияга қон қуйилиши оқибатида ўлгани тўғрисидаги расмий хулосани тасдиқлаганди.

Махсус комиссия текшируви эълон қилинганига бир қанча вақт ўтганига қарамай, марҳумнинг яқинлари унинг натижаларидан ўзлари бохабар қилинмаганини айтмоқда. Шундай бўлса-да, улар комиссия хулосасига ишонмаслигини билдиряпти.

“Биз Самандарни илгари қамоқхонада кўрганимизда у соппа-соғ эди. У бирорта касалликдан шикоят қилмаган. Унинг қон босими ҳам йўқ эди. Самандарни олиб келишганида ҳамма ёғи қон эди”, - деди С.Умаровнинг онаси.

Марҳумнинг опаси Яшнар Умарова ҳам махсус комиссия хулосасидан қониқмаслигини айтди. Унинг сўзларига қараганда, укасининг қон босими бўлган тақдирда ҳам унга эътибор қаратмаган қамоқхона маъмурияти барибир айбдордир. Чунки унга малакали тиббий хизмат кўрсатилмаган бўлиб чиқади.

Маълум бўлишича, “Ҳизб ут-таҳрир” ноқонуний диний оқимига алоқадорликда айбланиб, 17 йилга қамоқ жазосига ҳукм қилинган С.Умаровнинг жасади Навоийдаги 64/29 қамоқхонадан тонг саҳарда уйига келтирилган ва милиция ходимларининг қистови остида шошилинч дафн қилинган.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамияти раиси Толиб Ёқубовнинг фикрича, шу ҳолатнинг ўзиёқ шубҳа уйғотади. Чунки жасад 2 январдан 3 январга ўтар кечаси соат 3 да олиб келинган ва эрталаб 6.30 да кўмдирилган. Марҳум ўз ажали билан ўлган бўлган-да, уни ҳеч ким йўқлигида, тонг саҳарда кўмиш нега зарур бўлди, деган савол туғилиши табиий.

С.Умаровнинг оила аъзолари унинг қабри очилиб, қайта текширув ўтказилишига рухсат бермади. Шунинг учун махсус комиссия бирламчи суд тиббий экспертизаси материалларини ўрганиш, шифокорлар ва марҳум билан биргаликда жазо муддатини ўтаган маҳбуслар билан мулоқот натижасида қўлга киритилган далиллар асосида хулоса чиқарди.

“Эзгулик” инсон ҳуқуқлари жамияти раисаси Васила Иноятова С.Умаров ўлими юзасидан таркибида халқаро экспертлар бўлган махсус комиссия ўтказган текширув хулосаларини холис эмас, деб баҳолади. У жасадни эксгумация қилмасдан, холис кишилар иштирокисиз ўтказилган бундай текширув объектив бўла олмаслигини таъкидлади.

Суд тиббий экспертизаси бўйича мутахассис Фаррух Ниёзовнинг билдиришича, агар бирламчи суд тиббий экспертизаси хулосасидан норози бўлинса, албатта, эксгумация қилиниши керак. Акс ҳолда қайта текширувда холис ва аниқ хулоса бериш мушкул.

Ҳуқуқ ҳимоячиси Т.Ёқубов С.Умаров ўлими юзасидан халқаро экспертлар иштирокида чиқарилган хулоса ўтган йили Андрей Шелковенко ўлими сабабларини ўрганиш натижаларига ўхшаб кетишини эслатди. Унинг маълум қилишича, А.Шелковенко ҳам ҳибсда ўлган эди. Ўшанда ҳам “Freedom house” халқаро экспертлар чақирган ва маҳкум ўз жонига қасд қилгани ҳақида хулоса берилганди. Аммо кўпгина инсон ҳуқуқлари ташкилотлари бу хулосага ишонгани йўқ.

“Ўшанда АҚШ ва Канададан келган учта эксперт билан гаплашганимизда улар аксарият саволларимизга жавоб бера олмаганди. Бу билан ўзини-ўзи фош қилганди. Худди шу манзара С.Умаров воқеасида кузатиляпти. Афсуски, комиссия таркибига Мьюша Северга (“Freedom house”нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари) ёқадиган одамлар киритилган. Бошқа ташкилотлардан, хусусан, бизнинг жамиятдан ҳам ҳеч ким қўйилмаган”, - деди Т.Ёқубов.

В.Иноятова “Freedom house” Ўзбекистоннинг сувдан қуруқ чиқишига, яъни мазкур воқеа атрофида юзага келган шов-шувларни бостириш, жаҳон жамоатчилигини чалғитишга ёрдам берди, дея фикр билдирди.
XS
SM
MD
LG