Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 07:37

Отаси ҳақоратлангани учун фарзандлар ўқишга бормаяпти


Лобар Жиззах вилоятидаги Бўстон шаҳарчасида яшовчи Мамаражаб Назаровнинг тўрт фарзанди отаси фуқаролар йиғини раиси томонидан ҳақорат қилингани учун 4 ойдан буён ўқишга қатнамаётир.

Фарзандлар раис отасидан кечирим сўрашини талаб қилиб, дарсларга боришдан бош тортмоқда.

Назаровлар оиласидаги 3 қиз ва бир ўғил Жиззах шаҳридаги тасвирий ва амалий санъат иқтидорли болалар лицейида ўқийди. Улар ўтган йилнинг 20 сентябридан буён дарсга қатнаётгани йўқ.

Болаларнинг сўзларига қараганда, Бўстон фуқаролар йиғини раиси Қувондиқ Абдураззоқов маҳалла оқсоқоллари йиғилишида отасини унинг иштирокисиз ноҳақ ҳақорат қилган. Шунинг учун болалар Қ.Абдураззоқов йиғилиш иштирокчиларини тўплаб отасидан кечирим сўраган тақдирдагина ўқишни давом эттиради.

Бироқ Қ.Абдураззоқов кечирим сўрайдиган ҳеч иш қилмаганини билдирмоқда.

М.Назаровнинг таъкидлашича, у бир йилдан буён “Эзгулик” жамиятининг Зарбдор тумани бўлими раиси лавозимида ишлайди. Илгари ҳам инсон ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланган. Ўз фаолияти давомида Бўстон шаҳарчаси фуқаролар йиғини раиси томонидан қилинаётган ноқонуний хатти-ҳаракатларни ўрганиб, тегишли ташкилотларга ариза билан мурожаат қилган. Шунинг учун Қ.Абдураззоқов маҳалла оқсоқоллари йиғилишида уни руҳий касал, товуқ боқиб зўрға кун кўради каби сўзларни айтиб, ҳақорат этган.

Назаровлар оиласи ўтган йилнинг сентябрь-ноябрь ойларида вилоят ҳокимлиги биносини ҳам бир неча марта пикет қилган эди. Бироқ шу пайтгача уларнинг талаби қондирилгани йўқ.

М.Назаровнинг билдиришича, у ички ишлар органлари ходимлари томонидан бир неча марта таҳдидли огоҳлантирилган. Шунга қарамай, талаблари бажарилмаса, оила аъзолари очлик эълон қилиши ҳам мумкин.
XS
SM
MD
LG