Линклар

logo-print

Милиционернинг ўқитувчидан устунлик жиҳати борми?


Ҳакимбек Кўпгина давлатларда бўлгани сингари Ўзбекистонда ҳам аҳолининг муайян тоифасида айрим имтиёзлар берилган. Лекин сўнгги йилларда мамлакатда кўпгина имтиёзлар бекор қилинди.

Исмоил ота 10 йил муқаддам кўзи кўрмай қолгач, биринчи гуруҳ ногирони мақомини олган эди. Унинг айтишича, шу пайтгача давлат томонидан белгиланган имтиёзларнинг фойдасини билмай келмоқда. Бекор қилинган кўпгина имтиёзлари ўрнига унга ҳар ойда энг кам иш ҳақининг (6530 сўм) 45 фоизи, яъни 2938 сўм миқдорида товон пули тўланмоқда, холос. Шу билан бирга, телефондан фойдаланганлик учун 50 фоиз ҳақ тўлаш сақланиб қолинган. Бошқа ҳеч қандай имтиёзи йўқ.

Исмоил отанинг таъкидлашича, ногиронлар зарур дори-дармонлар ёки тиббий хизматдан фойдаланишда имтиёзга эга экани қонун билан белгиланган бўлса-да, амалда бу имтиёз умуман йўқ.

Оддий фуқаролар ҳам пенсионерларнинг имтиёзлари бекор қилингани уларнинг аҳволини янада танглаштирганини айтмоқда.

“70 ёшли қайнонам бор. Аввал унда коммунал хизматлар, электр энергияси ва транспорт хизмати учун 50 фоиз имтиёз бор эди. Ҳозир ҳаммасидан маҳрум бўлди. Эвазига нафақасига озгина пул қўшиб бериляпти. Лекин олаётган жами нафақаси бу тўловларга етмайди. Агар у биз билан турмаганда қандай яшарди, билмайман. Ўзбекистонда нархлар Европа даражасига тенглашиб қолди. Маошлар, нафақалар эса камлигича қоляпти. Шу сабабдан жамиятимизда қашшоқлар, касалмандлар кўпайиб боряпти”, - деди бир фуқаро.

Шарифа исмли ўқитувчининг билдиришича, ўтган йили муаллимларнинг имтиёзлари бекор қилингани туфайли уларнинг кўпчилиги бошқа иш излашга мажбур бўлди. Натижада мактабларда дарс сифати жуда пасайиб кетди.

Мустақил кузатувчи Комрон Алиевнинг маълум қилишича, собиқ байналмилал жангчилар ва чернобилчилар ҳам имтиёзга эга тоифага кирарди. Бироқ уларнинг ҳам имтиёзлари бекор қилинди. Имтиёзларни сақлаб қолишга қаратилган норозилик чиқишлари эса самара бермади.

Имтиёзлар сонининг йилдан-йилга камайиб бораётганини кўпчилик давлат бюджети бу харажатларни кўтара олмаётгани билан изоҳламоқда. Лекин айримлар оддий кишиларнинг имтиёзлари бекор қилинаётган бир пайтда асосий имтиёзлар ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари ва ҳарбийларга берилаётганини айтмоқда.
XS
SM
MD
LG