Линклар

Университетларда пул ишлаш мавсуми бошланди


Лобар Айни кунларда Ўзбекистоннинг кўпгина олий ўқув юртларида талабалар қишки имтиҳонларни топширмоқда. Бу жараёнда порахўрликлар юз бераётганини ўқитувчиларнинг ўзлари ҳам тан олади.

Гулистон давлат университети талабаларининг сўзларига қараганда, битта талабанинг барча имтиҳонлардан ўтиши учун ўртача 50 минг сўм маблағ зарур бўлади. Талабалар билим савияси қандай бўлишидан қатъий назар ўзлари хоҳлаган баҳони олиши мумкин. Масалан, тарих факультетида ҳар бир фандан қандай баҳо олишнинг норасмий нархи бор. 3 баҳонинг нархи 2 минг, 4 баҳо 3 минг, 5 баҳоники эса 4-5 минг сўмдир.

Талабаларнинг таъкидлашича, ўз билими билан имтиҳонлардан ўтишни хоҳловчи талабалар ҳам йўқ эмас. Бироқ улар озчиликни ташкил этади.

“Курсимизда 30 талаба бор. Уларнинг 6 тасигина ўз кучи билан имтиҳонлардан ўтди. Қолганлар 3 мингдан, беш баҳо учун 4 мингдан бердик”, - дейди талабалардан бири.

Суҳбатдош талабалардан бирининг айтишича, талабаларда ўқишга қизиқишнинг сўнишига айрим ўқитувчиларнинг ўзлари ҳам сабаб бўлади. Улар билими бор талабага ҳам баҳо қўймай, анча вақт ортидан югуртиради. Югуришдан қўрқиб қолган талабалар баҳони пул бериб олишни афзал билиб қолади.

Университетнинг бошланғич таълим факультети сиртқи бўлими талабасининг билдиришича, сиртдан ўқийдиган талабаларнинг деярли барчаси имтиҳонлардан ўтиш учун пора беради. Айримлари эса нуфузли танишлари орқали бепул баҳо олиши мумкин. Таниши зўр талабаларнинг ўқишларга умуман келмай, битириб кетиш ҳолатлари ҳам учрайди.

Суҳбатдош талабалар имтиҳонлар нархларнинг белгиланишида университет ўқитувчиларининг билим савияси ва ҳурмат-эътибори инобатга олинишини маълум қилди.

Гулистон давлат университети ректори Азимжон Парпиев ўқитувчилар орасида порахўрлик борлигини тан олди. Ректор уларга қарши чора кўриш қийинлиги, порахўр домлалар ишдан бўшатилса, ўрнини тўлдиришга малакали кадрлар йўқлиги таъкидлади.

Ректорнинг эътирофича, порахўрлик муаммоси мамлакатдаги деярли барча олий ўқув юртларида учрайди. Уни ҳал этишнинг бирдан бир йўли илм ва илм кишиларининг қадрини оширишдир.
XS
SM
MD
LG