Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 19:08

Яҳудийлар ўзбекларни илиқ сўзлар билан эслайди


Ҳакимбек Шу кунларда Холокост, яъни Германия фашистлари томонидан яҳудийларга нисбатан уюштирилган қирғин қурбонлари хотирлаш учун бутун дунёда кўплаб маросимлар ўтказилмоқда.

“Озодлик” мухбири ҳам ўзбекистонликларнинг мана шу қирғинга муносабатини ўрганишга ҳаракат қилди.

Оддий ўзбекистонликлар яҳудийлар қирғини ҳақида китоблардан, дарсликлардан ўқигани, бу фожеа қанчалик кенг кўламли бўлганини ҳис этишини билдирди.

Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети профессори, тарихчи олим Гога Ҳидоятовнинг сўзларига қараганда, Гитлер бошчилигида олиб борилган уруш инсоният тарихида амалга оширилган энг катта жиноят сифатида хотирланади. Асосан яҳудийлар ва Шарқий Европа халқларидан иборат маҳбуслар сақланган Освенцим концлагерида содир этилган жиноятлар эса ўта қабиҳлиги билан ажралиб туради. Польша ҳудудидаги бу лагер 1939 йилда ташкил этилган. Бу ерда бошқа миллатлар вакилларидан ташқари бир миллион яҳудий ҳам олиб келинган ва ўлдирилган. Бу ерда жами 2,5 миллион киши, улар орасида қариялар, болалар, аёллар бор, қатл қилинган.

Г.Ҳидоятовнинг айтишича, иккинчи жаҳон уруши даҳшатларини бошдан кечирган ва Ўзбекистонга кўчирилган яҳудийларга ўзбек халқи жуда катта ёрдам кўрсатган.

“Яқинда Исроилдаги бир газетада “Миллион яҳудийни сақлаган республика” сарлавҳали мақола эълон қилинди. Бу мақола Ўзбекистон тўғрисида. Биз ўшанда қанчадан-қанча яҳудийларни қабул қилган эдик. Уруш давомида бизнинг уйимизда ҳам яҳудийларнинг учта оиласи икки йил давомида яшаганди. Ҳозир Исроилда яшаётган кўпгина яҳудийлар Ўзбекистонни илиқ сўзлар билан эслайди”, - деди Г.Ҳидоятов.

Тошкентдаги Яҳудийлар жамоаси маркази бошқаруви раисаси Римма Головина тарихнинг бу даҳшати бошқа такрорланмаслигига умид қилишини, келажак авлодларга бу ҳақда кўпроқ маълумот бериш лозимлигини таъкидлади.

“Отам ҳам геттода кичик ёшдаги маҳбуслардан бири бўлган. У менга геттодаги ҳаёт қандачалик ёмон бўлганини айтиб берган. У ерда кўпчилик ҳалок бўлган. Тирик қолганлар эса гетто даҳшатини умуман унутмайди ва келажакда такрорланмаслиги учун қўлидан келганча ҳаракат қилади. Тарихнинг бу фожеаси ҳақида кўпроқ гапирилиши керак”, - деди Р.Головина.
XS
SM
MD
LG