Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 01:06

Қаддингни ур, Элдор Ҳаётов ёки Тошкентда пикетга қарши пикет


26 январь куни Ўзбекистон Бош прокуратураси биноси “Эрк” ва “Озод деҳқонлар” партиялари аъзолари ҳамда инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари томонидан яна пикет қилинди.

Ўзларини Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ёшлар ташкилоти” деб атаётган гуруҳ аъзолари эса мазкур пикетга қарши пикет уюштирди.

Сўнгги вақтларда “Эрк”, “Озод деҳқонлар” партиялари аъзолари, ҳуқуқ ҳимоячилари Бош прокуратура биносини мунтазам пикет қилмоқда. Бу пикетларда иштирокчилар, асосан, Ўзбекистон қамоқхоналарида сақланаётган сиёсий маҳбуслар, жумладан, Мамадали Маҳмудов, Рашид Бекжон, Муҳаммад Бекжон, Мурод Жўраев, Аҳмаджон Одиловнинг озод этилишини талаб қилаётир.

Бу сафарги пикетда ҳам шу талаб такрорланди. Шунингдек, норозилик чиқиши иштирокчилари Олий суд одил суд бўлишини талаб қилди.

“Озод деҳқонлар” партияси аъзоси, инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Елена Урлаеванинг сўзларига қараганда, партия Олий Мажлис томонидан милиция тўғрисидаги қонун қабул қилиниши талаб қилади. Чунки сўнгги вақтларда милиция ходимларининг зўравонлиги ҳаддан ошиб боряпти. Йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимларидан эса барча ҳайдовчилар шикоят қилади.

Пикет иштирокчиси, тошкентлик Муҳаббат Аюбованинг таъкидлашича, у Тошкент туманидаги фермани қонуний равишда сотиб олган. Лекин маҳаллий ҳокимият вакиллари бу мулкни тортиб олган. Гарчи Олий суд М.Аюбова фойдасига ажрим чиқарган бўлса-да, маҳаллий ҳокимият бу қарорни назар писад қилаётгани йўқ.

Пикет бошлангандан ярим соатлар ўтгач, улар ёнига тўртта ёш йигит пайдо бўлди ва плакатларини ёзиб туриб олди. Бу плакатларда “Елена Урлаеванинг жойи руҳий касалликлар шифохонасида”, “Озод деҳқонлар” партияси юлғичлар партияси”, “Нигора Ҳидоятовага 1 гектар ер бериш керак, у карам эксин” каби ёзувлар бор эди.

Ёш йигитлар бири ўзини Элдор Ҳаётов деб таништирди.

“Биз ёшлардан инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти тузмоқчимиз. Биз бу ерга камчилик келдик. Лекин вилоятларда бизнинг одамларимиз бор. Биз рўйхатдан ўтиб, қонуний ҳаракат қилмоқчимиз”, - деди Э.Ҳаётов.

Бироз вақт ўтгач, пикетчилар ва ёш йигитлар ўртасида оғзаки тортишувлар бўлди.

“Эрк” аъзоси Аъзам Турғуновнинг фикрича, бу йигитлар махсус хизматлар томонидан ёлланган бўлиб, пикетчиларга халақит бериш учун чақирилган. Бу ҳукуматнинг навбатдаги найрангидир. Улар ҳатто Нигора Ҳидоятованинг кимлигини ҳам билмайди.

Прокуратура ходимлари пикетчиларнинг арзини тинглашга чиқмади. Норозилик чиқиши иштирокчиларига ҳам тазйиқ ўтказилмади.
XS
SM
MD
LG