Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 19:40

Европа Кенгаши Парламент Ассамблеяси Арманистон Озарбайжон ерларини босиб олганини танқид қилди


Сешанба куни Европа Кенгаши Парламент Ассамблеяси мунозараларга сабаб бўлган Тоғли Қорабоғ бўйича резолюцияни қабул қилди. Резолюцияда, можаро тугаганидан кейинги йилларда Тоғли Қорабоғдаги этник арман кучлари Озарбайжонга тегишли катта ҳудудларини босиб олгани танқид қилинади. Шунингдек, хужжатда 1988-1994 йиллардаги уруш муайаян этник гуруҳларнинг ўз жойларидан кўчишига сабаб бўлгани ҳамда моно-этник, яъни бир миллат вакиллари истиқомат қиладиган ҳудудлар яратилгани ва бу этник тозалаш концепциясини эслатиши ҳақида гапирилади. Арманистон делегацияси хужжат ноҳолис эканини билдириб, унинг қабул қилинишига қаршилик қилди. Шунга қарамсадан, кўпчилик овоз билан резолюция қабул қилинди. Озодлик радиоси мухбири Жан-Кристоф Пёнинг шу мавзудаги лавҳаси билан Фаррух Юсуфий таништиради.

Сешанба кунги муҳокама давомида Арманистон ва Озарбайжоннинг Европа Кенгаши Парламент Ассамблеясидаги вакиллари Тоғли Қорабоғ минтақасининг тарихий эгалари ким экани хусусида икки соатдан ортиқ бир-бири билан баҳслашди.

Бироқ резолюция лойиҳасини ишлаб чиққан Британия вакили Дэвид Аткинсон мунозарага аралашиб, икки давлат вакилини назарий баҳсни тўхтатишга чақирди.

“Бу гаплар билан биз бир ечимга кела олмаймиз. Тарихга қайтадиганларни ўтмишда яшашга маҳкум дейдилар. Биз илгари юрмоғимиз, бугунги кун воқелиги билан яшамоғимиз лозим”, - деди Британия вакили.

Дэвид Аткинсон бугунги кун воқелиги деганда, Қорабоғдаги можаро тугаганидан 11 йил ўтиб, Озарбайжон ва унинг сепаратчи минтақаси ўртасида уруш ҳали ҳам давом этаётганини назарда тутади.

Собиқ иттифоқ даврида Озарбайжоннинг бир қисми ҳисобланган, асосан этник арманлар истиқомат қилган Тоғли Қорабоғ 1988 йилда Ереван ҳукумати ёрдамида Озарбайжон таркибидан ажралиб чиққан. Арман кучлари секин-аста Тоғли Қорабоғ ҳамда унга туташ Озарбайжон маъмурий ҳудудлари устидан ўз назоратини ўрнатди. Бу ҳудудларни арман кучлари бугунгача назорат қилиб келмоқда.

Можаро туфайли таҳминан 35 минг киши қурбон бўлган ҳамда юз минглаб одам ўз жойларини ташлаб кетган.

2001 йилнинг январ ойида Арманистон ва Озарбайжон Европа кенгашига аъзо бўлганидан сўнг иккала томон ҳам можарони тез орада ҳал этиш мажбуриятларини ўз зиммасига олган эди. Низони ҳал этишга ёрдам бериш учун 1994 йилда Минск шаҳрида Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти иштирокидаги махсус гуруҳ ҳам тузилди. Франция, Россия ва АҚШ вакиллари раислик қиладиган бу тузилма Минск гуруҳи, деб аталади. Бироқ, бугунгача можаронинг ечими топилгани йўқ.

Озарбайжон Тоғли Қорабоғ борасидаги ҳар қандай музокаралардан олдин арман кучларининг ўз ҳудудларидан чиқиб кетишини талаб қилмоқда. Арманистон эса сепаратчи ҳудуд тақдирини бошқа масалалар билан биргаликда ҳал этиш ғоясини илгари сурмоқда.

Сешанба кунги мажлисда Арманистон вакилларининг резолюцияга қаршилик қилишига қарамасдан Ассамблея делегатларининг кўпчилиги Болгария вакили Евгений Кириловнинг Озарбайжон ерлари озод этилмоғи лозим, деган талабини маъқуллади.

“Биз бир нарсага узил-кесил аниқлик киритиб олишимиз керак. Менимча, бу фикрни ҳамма маъқул, деб билади. Куч билан босиб олинган ҳудудлар, ёхуд куч ишлатиш йўли билан бир мамлакатга бошқа мамлакат ҳудудларининг қўшилиши ҳолатлари бўлмаслиги лозим. Шу ғояни ҳамма маъқулласа, тинчликка эришишимиз мумкин бўлади”, - деди Ассамблеяда сўзга чиққан Крилов.

Резолюция Озарбайжон расмийларини Қорабоғ раҳбарлари билан мулоқот ўрнатишга ҳамда бой берилган ҳудудларни куч ишлатиш орқали қайтириб олишга ҳаракат қилмасликка чақиради. Шунга қарамасдан, Европа Кенгаши Пралмент Ассамблеясидаги Арманистон вакиллари Британия вакили Аткинсонни масалага ноҳолис ёндашганликда айблади.

Арманистон делегацяиси раҳбарининг ўринбосари Армен Рустамян Ассамблея мажлисида қилган чиқишида Аткинсон ишлаб чиққан резолюция тинчлик ўрнатиш жараёнига тўсқинлик қилиши ҳамда Озарбайжонни ўз ҳудудий яхлитлигини куч билан тиклашга ундашини айтди.

“Мазкур резолюця Озарбайжонга, у анчадан бери тайёрлаб келаётган ултиматумни эълон қилишига баҳона бўлади. Озарбайжон Қорабоғ муаммосини ўзи ишлаб чиққан сценарий бўйича, яъни уруш орқали ҳал этмоқчи”, - деди Рустамян.

Арманистон делегацияси асосан резолюцияда айтилган Қорабоғ можароси туфайли этник гуруҳларнинг катта сонда кўчиши ҳамда этник тозалаш концепциясини эслатувчи моно-этник, яъни бир миллат вакиллари истиқомат қиладиган ҳудудлар яратилиши ҳақидаги фикрларга қарши чиқди.

Хужжатда 1993-1994 йиллар давомида Тоғли Қорабоғдан этник озарбайжонларнинг оммавий кўчиб кетиши ҳақида аниқ айтилмаган бўлса ҳам, ҳориждаги баъзи арман жамоалари резолюцияга норозилик билдирди.

23 январ куни Брюсселда жойлашган Европа арманларининг адолат ва демократия учун федерацияси эълон қилган баёнотда мазкур резолюцияни “Озарбайжон ҳисоботи”, деб атади ва уни қабул қилмасликка чақирди.

Арманистон ҳукумати ҳозирча Европа Кенгаши парламент ассамблеясининг резолюциясига муносабат билдиргани йўқ.
XS
SM
MD
LG