Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 14:40

Алматида терроризмга қарши кураш масаласига бағишланган анжуман иш бошлади


Чоршанба куни Алмати шаҳрида БМТ Хавфсизлик Кенгаши қошида тузилган Терроризмга қарши кураш қўмитасининг тўртинчи йиғилиши бошлади. Анжуманда Европа Иттифоқи, НАТО, Африка Иттифоқи, Осиё Тараққиёт банки, Араб давлатлари лигаси ва бошқа ташкилотлар вакиллари иштирок этмоқда. БМТ ва МДҲ давлатлари ҳомийлигида уюштирилган икки кунлик анжуманда терроризмнинг молиявий илдизларини қирқиш ва терроризмга қарши курашда ҳамкорликни кучайтириш каби масалалар муҳокама этилади. Йиғилиш муносабати билан Хюман Райтс Уотч инсон ҳуқуқлари ташкилоти очиқ мактуб эълон қилиб, унда ҳукуматлар терроризмга қарши кураш кампанияси баҳонасида мухолифат, диндорлар ёки бошқа гуруҳларни таъқиб қилмаслиги кераклиги билдирилган.

БМТ Хавфсизлик Кенгаши қошидаги Терроризмга қарши кураш қўмитаси 2001 йил 11 сентябрда АҚШга қарши террор ҳужумлари уюштирилганидан кейин тузилган. Ҳозирда Қўмитага Россия раислик қилмоқда. Россиянинг БМТдаги доимий элчиси Андрей Денисов Алмати анжуманидан кўзланган мақсад ҳақида бундай деди:

”Реаллик шундан иборатки, яқин келажакда терроризм таҳдидини бутунлай йўқ қилиш имконсиз. Бу таҳдид у ёки бу кўринишда пайдо бўлиши мумкин. Лекин жаҳон давлатлари террористик ҳуружлар амалга оширилиши имкониятини чеклаши лозим. Биз айни шу иш билан шуғулланяпмиз ва икки кунлик анжуман давомида ҳам шу каби масалалари муҳокама этилади” - деди Россиянинг БМТдаги элчиси.

Анжуман очилиши маросимида чиқиш қилган Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоев ўз мамлакати ва минтақа хавфсизлиги дунё хавфсизлик тизимининг бир қисми эканини таъкидлади:

”Қозоғистон миллий хавфсизлиги бевосита Марказий Осиё хавфсизлиги билан боғлиқ. Марказий Осиё хавфсизлигига эса, глобал хавфсизликнинг бир қисми ҳисобланган Осиё хавфсизлик тизимининг бир қисми сифатида қараш лозим” - деди Нурсултон Назарбоев.

Терроризмга қарши кураш бўйича БМТ қўмитасининг Алмати анжуманида пул ювиш, яъни, ноқонуний йўллар билан топилган пулларни қонунийлаштириш, ҳукумат ва хусусий шахсларга тегишли пулларни банклар орқали ўтказишни тартибга солиш чоралари, хайрия ташкилотлари фаолиятини назорат қилиш, банк ҳисобларидаги пулларни музлатиш тартиби, молиявий ишлар соҳасида турли давлатларнинг разведка органлари ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш каби масалалар муҳокама этилмоқда.

Алмати учрашуви арафасида Хюман Райтс Уотч инсон ҳуқуқлари ташкилоти баёнот чиқариб, ҳукуматлар терроризмга қарши кураш кампаниясини мухолифат аъзолари, диндорлар ва бошқа гуруҳларни таъқиб қилиш учун фурсат сифатида ишлатмаслиги билдирилган.

Ташкилотнинг Шарқий Европа ва Марказий Осиё мамлакатлари бўйича директори Рейчел Денбер мактубдан кўзланган мақсад ҳақида Озодлик радиосига шундай деди:

”Бунинг икки сабаби бор. Биринчидан, инсон ҳуқуқлари демократик жамиятнинг муҳим жиҳати ҳисобланади. Иккинчидан, агар ҳукуматлар терроризмга қарши кураш баҳонасида инсон ҳуқуқларини бузса, бу нафақат нотўғри ва ҳукуматлар берган ўз ваъдасини бажармаган бўлади балки, бундай ҳаракат тескари натижа ҳам бериши мумкин” - дейди инсон ҳуқуқлари ташкилоти вакили.

Хюман Райтс Уотч мактубида сўнгги йилларда мудҳиш террор ҳужумлари содир этилган Россия ва Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари вазиятига алоҳида эътибор қаратилаган.

“Ўзбекистон ҳукумати ўз назоратидан ташқарида бўлган диндорларни фундаментализмда айблаш учун терроризм таҳдидидан фойдаланмоқда” дейилади мактубда. Нима учун айнан Россия ва Ўзбекистон тилга олинган, деган саволга Хюман Райтс Уотч вакили бундай жавоб берди:

”Чунки сўнги йилларда Россия ва Ўзбекистонда ўнлаб одам ҳаётига зомин бўлган минтақадаги энг мудҳиш террор ҳужумлари ва даҳшатли террор зўравонликлар содир этилди. Айни пайтда, бу икки давлат ҳукуматлари терроризмга қарши курашда инсон ҳуқуқларини қўпол равишда бузди” - дейди Рачел Денбер.

Ўзбекистондаги Демократик ташаббуслар нодавлат маркази раҳбари Искандар Худойберганов ҳам Ўзбекистонда терроризмга қарши кураш чораларидан фойдаланиб инсон ҳуқуқлари қўпол равишда бузилмоқда, деган фикрга қўшилишини айтади. Худойбергановга кўра, ҳукумат сўнгги пайтларда терроризм таҳдидидан ўзгача фикрловчиларга қарши фойдаланилмоқда:

”Умуман олганда, Ўзбекистонда оддий диндорларга террорчи ёки потенциал террорчи сифатида қаралиши ва уларга тазйиқ ўтказилиши ҳеч кимга сир эмас. Бу ҳақда ҳуқуқ ҳимоячилари ва Ўзбекистондаги демократик ташкилотлар ва чет эл ташкилотлари гапириб келмоқда” - дейди Демократик ташаббуслар нодавлат маркази раҳбари Искандар Худойберганов.
XS
SM
MD
LG