Линклар

Қишлоқда иш бўлганда, фожеа бўлмас эди


Турғунбек Россия Федерациясининг Қозон шаҳридаги кафеда 6 январь куни номаълум шахслар томонидан ўлдириб кетилган ўзбекистонлик икки йигитнинг жасади юртига олиб келинди.

Ўлдирилган йигитлардан бири Андижон вилоятининг Жалолқудуқ туманидаги Ойим қишлоғида 1966 йилда туғилган Тўлқин Қодиров, иккинчиси ва шу вилоятнинг Қўрғонтепа туманидаги Хонабод қишлоғида 1984 йилда туғилган Ойбек Дадажонов эди. Улар Қозон шаҳридаги “Оқшом” (“Вечер”) кафесида ошпазлик қиларди.

Т.Қодировнинг 3 ёшдан 15 ёшгача бўлган 4 фарзанди етим қолди.

“Сўнгги вақтларда эрим ҳеч қаерда ишламаётган эди. Шунинг учун у Россияга кетганди. Агар ўзимизда ҳам иш бўлса, ойига ҳеч бўлмаганда 40-60 минг ойлик олиб турса, рўзғор тебратилса, ёруғ дунёда эрим ҳам яшарди-ку”, - деди Т.Қодировнинг хотини Ёрқиной Қодирова.

Марҳумнинг акаси Иброҳим Қодировнинг сўзларига қараганда, укаси илгари ҳам ошпазлик қилган. Лекин бу ерда иш топишнинг иложи бўлмай қолгач, 2004 йил октябрь ойида тирикчилик мақсадида Қозон шаҳрига кетган.

Ойим қишлоғилик Қумрихон Қўйлибоеванинг таъкидлашича, қишлоқдан жуда кўпчилик иш йўқлиги туфайли тирикчилик учун хорижга чиқиб кетган. Улар орасида қул қилиб сотилганлари ҳам, иш берувчиларнинг ваъдаларига учиб, алданиб қолганлар ҳам, яхши ҳақ олиб келаётганлар ҳам бор. Лекин кетганларнинг кўпчилиги касалманд бўлиб қайтмоқда.

Ойим қишлоқ фуқаролар йиғини раиси Ҳамидулла Ортиқовнинг билдиришича, қишлоқда аҳолини иш билан таъминлашга ҳаракат қилинмоқда. Бу ерда Ўзбекистон-Швейцария қўшма корхонаси қурилиб, 650 киши иш билан таъминланган. Қишлоқда 23 мингга яқин аҳоли яшайди, жами иш ўрни эса 7 минг 200 тадир.

“Бирлик халқ ҳаракати” партияси Жалолқудуқ тумани бўлими раиси Шокиржон Мўминжоновнинг айтишича, ҳукумат ғурурни йиғиштириб қўйиб, ўз фуқароларининг хорижда ишлашига шароит яратиб бериши керак. Зарур бўлган ҳолларда тирикчилик учун четга кетаётган фуқароларга кредит беришни йўлга қўйиш, уларнинг муҳофазасини таъминлаш йўлларини излаш керак.
XS
SM
MD
LG