Линклар

Ўзбеклар неча йил яшайди?


Зикрилло Ишонч Маълумотларга қараганда, Ўзбекистон аҳолининг ўртача умр кўриш даражаси жиҳатдан дунё мамлакатлари ўртасида 158-ўринни эгаллаб турибди.

Ўзбекистонликларнинг кўпчилиги мамлакатда узоқ умр кўрадиган фуқаролар сони кундан-кунга камайиб бораётганини айтмоқда. Уларнинг таъкидлашича, шўро даврида илиги тўлган фуқаролар кўпроқ яшаши мумкин. Аммо умрининг асосий қисми мустақиллик даврига тўғри келаётган кишиларнинг узоқ яшашига кўпчиликнинг кўзи етмайди. Чунки мамлакатдаги иқтисодий қийинчилик, экологик вазиятнинг ёмонлашиб бораётгани одамларнинг соғлиғига таъсир этмасдан қолмайди.

“Ҳозир 35-40 ёшлилар ўртасида ҳам юрак хуружидан ўлиш ҳолатлари кўпайган. Ўзимнинг кузатишларимга таяниб, ҳозир Ўзбекистонда ўртача умр 59-63 ёш, деб биламан”, - деди суҳбатдошлардан бири.

Жамиятшунос Комрон Алиевнинг таъкидлашича, иқтисодий жиҳатдан қайси мамлакатда аҳвол ёмон бўлса, ўша ерда аҳолининг ўртача умр кўриш даражаси пасайиб кетади. Шўро даврида Ўзбекистонда бу кўрсаткич 65 ёш атрофида эди. Ҳозир эса айрим маълумотларда бу кўрсаткич 58 ёш экани айтилади.

Давлат статистика қўмитаси ходими Раъно Маҳмудованинг билдиришича, 2005 йил 1 январь ҳолатига кўра Ўзбекистон аҳолиси 26 миллион 18 минг кишини ташкил этади. Ҳаёт давомийлиги 10 йил давомида эркакларда 67,3 дан 69,8 ёшга, аёлларда 73,3 дан 74,1 га кўтарилган. Бу Марказий Осиёда энг яхши кўрсаткичдир.
XS
SM
MD
LG