Линклар

Авиакомпания эски самолётлардан воз кечмоқда


Саида Ўтган йили “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпанияси Германия ва Франция армиялари юкларини ташиш, Японияга чартер рейслар уюштиришдан анчагина қўшимча даромад олди.

28 январь – “Ўзбекистон ҳаво йўллари” ташкил этилган кун муносабати билан Тошкентда ўтказилган матбуот анжуманида авиакомпания раҳбари Валерий Тянь шу маълумотларни келтириб ўтди.

Унинг сўзларига қараганда, февраль ойидан бошлаб Шанхай ва бошқа бир қанча шаҳарларга янги рейслар очиш режалаштирилган.

Маълумотларга кўра, сўнгги йилларда авиакомпаниянинг бир қанча тажрибали ходимлари, аниқроғи, борт муҳандислари ва учувчилар ўз фаолиятини чет элларда давом эттирмоқда.

Журналистлар уларнинг нега хорижга кетаётгани сабаблари билан қизиқди.

“Биз касби ёки стажига қараб, бирорта ходимимизни ишдан бўшатганимиз йўқ. Айтишим керак, биз баъзи эски русумдаги, масалан, “Ил-62”, “Ил-86”, “Ту-154Б” самолётларидан фойдаланишдан воз кечяпмиз. Шу туфайли бекор қолаётган ҳар бир ходим интилувчанлик кўрсатиб, Ғарб техникаси сирларини ўрганиши мумкин. Ёши ўтиб қолганларда бундай интилиш бўлмайди. Шунинг учун бу ҳолатни табиий қабул қилиш керак. Лекин мен учувчиларимиз хорижга кетиб қолаётгани ҳақида аниқ маълумотга эга эмасман”, - деди В.Тянь саволларга жавоб қайтарар экан.

В.Тян ҳарбий ва фуқаро авиацияси ўртасида ҳаво ҳудудларидан фойдаланишда муаммолар йўқлигини таъкидлади.

“Ўзбекистон ҳаво йўллари” чипталари бошқаларга нисбатан анча қиммат экани кўп бор айтилган. Шунга қарамай, В.Тяннинг билдиришича, авиакомпания йўловчилар учун чипта нархини арзонлаштиришни режалаштираётгани йўқ. Чунки маҳаллий рейслар фақат зарарига ишлайди. Белгиланган тарифлар харажатларни қопламайди.

Ўзбекистон аэропортларида маҳаллий рейсларнинг кечиктирилиши, баъзан эса қолдирилишини тез-тез кузатиш мумкин. Хўш, бу ҳолатларда мижозларга моддий ва маънавий зарар учун товон тўланадими?

Авиакомпаниянинг тижорат бўлими раҳбари Фахриддин Ғиёсовнинг айтишича, кечиктирилган рейслар учун мижозларга товон тўланиши белгиланган. Лекин маҳаллий рейслар ўта арзонлиги, харажатларни қопламаслиги сабабли учиш соатлари кечиктирилганда йўловчиларни меҳмонхона билан таъминлаш имконияти йўқ.
XS
SM
MD
LG