Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 14:56

Шиаларнинг сайловларда ғалабаси қандай аҳамият касб этиши мумкин


30 январ куни Ироқда Миллий Кенгаш сайловлари бўлиб ўтади. Сайлов куни яқинлашар экан, Миллий Кенгашдаги 275 ўриннинг кўпчилигини шиалар эгаллаши айтилмоқда. Бунга сабаб, бир томондан Ироқ аҳолисининг 60 фоизини шиалар ташкил этса, иккинчи томондан суннийларнинг мазкур сайловларни бойкот қилишга чақиришлари ҳамда мамлакатнинг суннийлар яшайдиган вилоятларида зўравонликлар авжига чиқаётганидир. Хўш сайловларда шиалар ғолиб чиқиб, Миллий Кенгашда кўпчилик ўринни эгалйдиган бўлса, Ироқ учун ва умуман Яқин Шарқ учун бу қандай аҳамиятга эга бўлиши мумкин? Озодлик радиоси мухбири Чарлз Рэкнейгл бу ҳақда мутахассислар фикрини ўрганди. Мухбир лавҳаси билан Фаррух Юсуфий таништиради.

Охирги кунларда Ироқдаги шиа мазҳабига мансуб сиёсатчилар Миллий Кенгаш, яъни парламент сайловларида ғолиб чиқишлари ҳақида очиқдан-очиқ гапиришни бошлади.

Ўтган ҳафта шиаларга тегишли Ироқ Ислом Инқилоби Олий Кенгашининг етакчиси Абдул Азиз Ҳаким Миллий Кенгашда шиалар кўпчилик ўринни эгаллайдиган бўлса, ҳукуматга суннийлар ҳам, бошқалар ҳам киритилишини ваъда қилди.

Ҳаким миллий сайловларда қатнашаётган шиа номзодлари рўйҳати – Бирлашган Ироқ Иттифоқи рўйҳатида етакчилик қилади. Бу рўйҳатдаги номзодларнинг Миллий Кенгашда сайловларида ғолиб чиқиши кутилмоқда. Чунки бу номзодларни Ироқ шиалари руҳний еткачиси Оятуллоҳ Али ал-Систоний қўллаб-қувватламоқда.

Хўш, шиалар ҳақиқатан ҳам сайловларда ғалаба қозонса, Ироқда ва умуман Яқин Шарқда сиёсий жараён қандай ривожланиб боради?

Лондондаги Уруш ва Тинчликни ёртиб бориш институтининг Яқин Шарқ минтақаси бўйича мутахассиси Аммар ал-Шохбандар шиаларнинг сайловларда ғолиб чиқиши Ироқнинг ўзи учун кўпроқ сентиментал, руҳий аҳамиятга эга бўлишини айтади.

“Ҳозир ҳамма шиа парламенти, шиа ғалабаси ҳақида гапирмоқда, чунки, шиаларнинг биринчи марта Ироқдаги сиёсий жараёнида қатнашишига имконият пайдо бўлгани учун, бу масала сентиментал, руҳий аҳамиятга эга. Парламентда шиалар алоҳида депутат сифатида кўпчилик ўринга эга бўлиши эҳтимоли юқори албатта. Лекин бу шиалар битта блок сифатида сиёсий кўпчиликни ташкил этади, дегани эмас”, - дедйи Лондонлик таҳлилчи.

Ал-Шохбандарнинг таъкидлашича, шиалар Миллий Кенгашда кўпчилик ўринга эга бўлгандан сўнг, суннийларнинг сайловларда камчилик бўлиб иштирок этиши туфайли вужудга келган номутаносиблкни бартараф этиш мақсадида ҳукуматда яна коалиция тузиш бошланади. Унинг таъкидлашича, сайловларда иштирок этиш учун бирлашган шиа партиялари, ўз коалицияларига эга бўлиш учун бўлиниб кетиши эҳтимоли бор.

Қурд сиёсатчиси ва собиқ Ироқ Ҳукумати Кенгашининг аъзоси Маҳмуд Усмон ҳам сайловлардан кейин коалициялар тузиш бошланиши мумкинлигини айтади. Сайловларда иштирок этаётган кўпчилик сунний, шиа ва қурд номзодларининг биргаликда рўйҳатларда кўрсатилиши ҳам, келажакда уларнинг коалицияларга бўлинишидан далолат беради.

“Кенгашда турли одамлар бўлади, шунинг учун оҳир-оқибатда коялициялар тузиш бошланади. Менимча, Кенгашда коалициялар ҳукмронлик қилади, шиаларнинг ўзигина эмас. Тўғри шиалар Ироқ аҳолиснинг кўпчилигини ташкил этади, лекин шиа номзодлари бошқа-бошқа рўйҳатларда кўрсатилган. Шиаларни тақдим этилган барча рўйҳатларда кўришингиз мумкин. Суннийлар ҳам, христианлар ҳам барча рўйҳатларда кўрсатилган. Шунинг учун шиаларнинг ғолиб чиқиши, баъзилар айтаётгандай хавф туғдирмайди. Бироқ баъзиларнинг сайловда иштирок этиши, бошқаларнинг эса уларга қарши бўлиши, зўравонликлар сайловлардан кейин ҳам давом этиш хавфидан далолат беради.”

Айни пайтда, шиаларнинг Ироқ Миллий Кенгашида кўпчиликни ташкил этиши минтақада ҳам ўз таъсирини ўтказмай қолмайди, деган фикрлар айтилмоқда.

Озодлик радиосининг минтақа бўйича мутахассиси Уилям Самий шиаларнинг ғалабаси Эронга жуда маъқул келишини айтади. Чунки бу ғалаба АҚШ ва Британия Ироқни босиб олишига қаршилик қилган Теҳрон ташқи сиёсатининг ғалабаси сифатида кўрилади, дейди таҳлилчи.

Бироқ, дея давом этади Самий, Ироқдаги воқеалар ривожи минтақада ўз манфаатларини ҳимоя қилишга уринаётган Эроннинг ўзи учун салбий оқибатларга ҳам олиб келиши мумкин. Чунки Ироқда шиалар ҳукуматга келадиган бўлса ҳам, у ерда республика шаклидаги ҳукумат тузилади. Бу эса Эроннинг теократик, яъни руҳонийлар қўлидаги ҳукуматидан жуда фарқ қилади.

“Сайлов натижаси қандай бўлишидан қатъий назар, Ироқда теократик ҳукумат тузилиши амри маҳол. Бунга Ироқда республика шаклидаги ҳукумат тузилишини истайдиган бошқа партиялар йўл қўймайди. Қўшни давлатда республика шаклидаги ҳукуматда шиалар ҳукмронлигини кўрган эронликлар, нима учун бизда теократик ҳукумат бўлиши керак, деган саволларни беришни бошлаши мумкин.”

Шиалар Ироқ ҳукуматига келадиган бўлса, Эрон учун туғилиши мумкин бўлган яна бир муаммо бу шиалар учун бир пайтлар муқаддас бўлган Нажаф шаҳрининг яна ўз мавқеини тиклаши бўлиши мумкин.

Саддам Ҳусайн режими пайтида ҳукумат учун рақиб ҳисобланган шиалар сиқилган ва бунинг натижасида Нажаф шаҳрининг шиалар учун мавқеи ҳам сўниб, унинг ўрнини Эроннинг Қом шаҳри эгаллаган.

Баъзи кузатувчилар фикрича, Нажаф шаҳрининг яна ўз мавқеаини тиклаши ҳам Эроннинг теократик режимга хавф туғдиради.
Уруш ва Тинчликни ёртиб бориш институтининг мутахассиси Аммар ал-Шохбандарнинг фикрича, Нажаф шаҳрининг тикланиши фақатгина Эронда эмас бутун Яқин Шарқ минтақаси воқелигига таъсир қилади.

“Охирги 20 йил давомида Араб мамлакатларидаги шиа мазҳаби араб мамлакати бўлмаган Эронга эргашганликда айбланиб, ажратиб қўйилди. Бу араб давлатлари учун шиаларни сиёсий жараёнга аралаштирмасликка баҳона бўлиб хизмат қилди. Лекин энди араб давлати бўлган Ироқ ҳукуматига шиалар келса ва араб мамлакатларидаги шиалар Эронга эмас, Ироққа эргашадиган бўлса, бу уларга ўз мамлакатларидаги сиёсий жараёнда қатнашиш ҳуқуқини беради.”
XS
SM
MD
LG