Линклар

Москвадаги ҳожатхонада яшаётган ўзбек аёли бошпаналик бўлди


Феруза Москвадаги ҳожатхоналардан бирида ёш қизчаси билан яшаётган самарқандлик Малоҳат Мингбоева церков руҳонийсининг ёрдами билан бошпаналик бўлди.

“Озодлик” радиоси М.Мингбоева ҳақида бундан бир қанча вақт муқаддам лавҳа берган эди.

Ўшанда таъкидланганидек, М.Мингбоева Москвага келганида паспортини йўқотиб қўйган. Шундан сўнг мазкур шаҳардаги биоҳожатхоналардан бирида қизчаси билан яшаган. Бу ерга келадиган ҳожатмандларга хизмат кўрсатган.

М.Мингбоева “Озодлик” мухбири билан суҳбатда Ўзбекистонга қайтишни истамаслигини, чунки юртида ишсизлик, ҳақсизлик ҳукмрон эканини билдирганди.

М.Мингбоеванинг аччиқ қисмати ҳақида биринчи бўлиб “Московский комсомолец” (МК) газетаси мухбири Ксения Максимова бонг урганди.

Сўнгги маълумотларга кўра, М.Мингбоева МК таҳририятининг ёрдамида бошпаналик бўлган. Черков руҳонийларидан бирининг кўмагида унга уй топиб берилган.

К.Максимованинг “Озодлик” мухбирига билдиришича, таҳририят вакиллари черков руҳонийси Малоҳат учун топиб берган уйда бўлиб, бу ердаги шароитни ўрганган. Айни пайтда М.Мингбоева қари рус чол-кампирнинг хонадонида яшамоқда. Бу ерда шароит анча яхши.

К.Максимованинг сўзларига қараганда, М.Мингбоева ҳақида ўқиган ёки эшитган кишилардан унга турли хил ёрдамлар келиб турибди. Йиғилган маблағдан унга зарурий буюмлар харид қилиняпти.

МК журналистининг айтишича, Ўзбекистон ҳукуматининг Россиядаги вакилларидан М.Мингбоевага ёрдам кўрсатиш ҳақида таҳририятга ҳеч қандай мурожаат бўлмаган. Россияда яшаётган айрим ўзбекларгина Малоҳатнинг аҳволига қизиқиш билдирган, холос.
XS
SM
MD
LG