Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 19:53

Маҳбусга сабри тўғрамагани учун уч йил қўшиб берилди


Тўлқин “Эрк” демократик партияси аъзоси Мурод Жўраев бу йил ҳам янги йилни Ўзбекистон қамоқхоналаридаги сиёсий маҳбуслар сафида кутиб олди. 2003 йилда унинг жазо муддати тугаганига қарамай, қамоқхонада суд ўтказилиб, жазо яна 3 йилга узайтирилганди.

“Эрк” партияси бош котиби Отаназар Ориповнинг сўзларига қараганда, М.Жўраев 90-йиллар бошида парламент аъзоси эди. Мухолифат таркибида турли қонунлар ишлаб чиқишда қатнашган. Аввал Қашқадарёдаги Муборак шаҳри ҳокими лавозимида ҳам ишлаган. У 1994 йилда ҳибсга олинганди. М.Жўраев “Эрк” партияси раҳбари Муҳаммад Солиҳга жангарилар етказиб бериш айби билан қамалган.

М.Жўраевга белгиланган жазо мудати 2003 йил сентябрда тугаб, у озодликка чиқиши керак эди.

М.Жўраевнинг хотини Холбека Жўраеванинг таъкидлашича, қамоқхонада қайта суд ўтказилиб, унинг жазо муддати 3 йилга узайтирилган.

“Ўғлим билан отасини олиб келгани қамоқхонага бордик. Қамоқхона бошлиғи ўғлимга М.Жўраевни қамоқдан озод қилмаслик ҳақида юқоридан телефонограмма келганини айтибди. Чиқиш вақтида жиноят иши қўзғатиш мумкин эмас. Шунинг учун 6 сентябрда, чиқишидан икки кун олдин жиноят иши қўзғатилибди. Эримга қамоқхона қоидаларини бузиш айби қўйилибди. Яъни унга кир ювганда кирларни печкага яқин осиш, сафда нотўғри туриш, ухлаш буйруғи бўлгандан кейин газета ўқиганлик, омбор бошлиғи билан айтишганлик ва сабри тўғрашга келмаганлик айбловлари эълон қилинган”, - деди Х.Жўраева.

Х.Жўраеванинг билдиришича, М.Жўраев ушбу айбловлар билан 2004 йил ноябрда эълон қилинган амнистияга тушиши керак эди. Лекин унга яна кўкрак чўнтагида фамилияси кичкина ёзилгани учун ҳайфсан берилган ва амнистия қўлланилиши тўхтатилган.

“Эрк” партияси аъзоси Дилором Исҳоқованинг билдиришича, ҳар сафар амнистия эълон қилинганида турли баҳоналар билан М.Жўраевга муддат қўшиб берилади. 2005 йил мартда М.Жўраевга қўшиб берилган муддатлар бутунлай тугайди. Лекин кўпчилик унинг озод этилишига ишонмаётир.
XS
SM
MD
LG