Линклар

Жиззахда фермерларнинг ерларини тортиб олиш давом этмоқда


Лобар Маълумотларга қараганда, Жиззах вилоятининг аксарият туманларида фермер хўжаликларига қарашли ерлар мажбурий равишда ҳокимлар захирасига ўтказилмоқда. Вилоятда бу ҳолат оммавий тус олган.

Дўстлик туманидаги “Келсин ая” фермер хўжалиги раҳбари Келсин Туропованинг сўзларига қараганда, 30 яқин фермер ўтган йилнинг декабрь ойида участка нозирлари орқали туман ҳокимлигига мажлисга чақиртирилган. Фермерлар бу ерга келганда улар мажлисга эмас, балки ердан воз кечиб, ҳоким захирасига ўтказиш ҳақида ариза ёзиш учун чақиртирилгани маълум бўлган. К.Туропова пилла ва буғдой топшириш режасини бажаргани, лекин давлатдан бир тийин олмаганини айтган. Лекин ҳоким бу арзларни тингламаган.

Бу каби хатти-ҳаракатларни Зарбдор туманида ҳам кузатиш мумкин.

Мазкур туман ҳокимлиги вакили Шохдор Ортиқовнинг таъкидлашича, Зарбдорда 800 га яқин фермер хўжалиги бўлиб, жорий йил бошида уларнинг қарийб 400 таси тугатилган. Сурункали равишда режани бажармай келгани уларнинг тугатилишига асосий сабаб бўлган. Қолаверса, улар ерга ишлов бериш техникасига эга эмас. Техникасиз эса ишлаб бўлмайди.

Зарбдордаги “Истиқлол” фермер хўжалиги раиси Абдумалик Турдиевнинг билдиришича, унинг фермер хўжалиги 10 йил давомида фақат сўнгги 3 йилдагина режани бажармаган. Бунга вақтида ўғит етказиб берилмагани сабаб бўлган.

“Бизга ўғит берилмаётгани ҳақида туман ва вилоят ҳокимларига мурожаат қилганмиз. Лекин амалий ёрдам бўлмаган. Шунинг учун пахта режасини бажармадик. Ғалла режасини эса уддалаганмиз”, - дейди А.Турдиев.

Мустақил кузатувчилар фикрича, фермерлар ўзларини ҳимоя қила олмаётганига сабаб уларнинг ўз ҳуқуқларини яхши билмаслиги, шунингдек, уларга қарашли ерларнинг аҳволи инобатга олинмай, режа берилаётганидир.

“Фермер хўжалигимиз ерларининг 60 фоизи 45 даража қияликда жойлашган. Бу ерга 56-57 балл бонитет белгилаб, 25-26 центнердан пахта режаси берган. Давлат ер бонитетида ерларимиз 43-44 балли экани кўрсатилган”, - дейди “Истиқлол” фермер хўжалиги раҳбари А.Турдиев.

Фермерлар ўз ҳисоб рақамларидаги маблағларидан истаганча фойдалана олмаётганидан ҳам шикоят қилди. Улар экинни парваришлаш даврида зарур бўладиган маблағни мол-ҳолини сотиб топаётганини билдирди. Ерлари олиб қўйилган фермерлар оилаларини боқиш бундай кейин янада қийинлашишидан ташвишга тушяпти.

Туман ҳокимлиги вакили Ш.Ортиқов эса еридан ажралган фермерлар бошқа иш топиши учун етарли имкониятга эга эканини таъкидлади. Унинг айтишича, ишсиз фермерлар дарҳол меҳнат биржаларида рўйхатга олинади ва иш билан таъминланади.
XS
SM
MD
LG