Линклар

Намоз ўқишни ўргатгани учун қамалмоқда


Хабарларга қараганда, 26 январь куни Хоразм вилояти жиноят ишлари судида ваҳҳобийлик оқими ғояларни тарғиб қилишда айбланаётган уч шахс устидан ҳукм ўқилди.

Судланувчилар 21 ёшли Шерзод Ҳожиматов ва 25 ёшли Хушнуд Тожибоев Урганч туманида, 34 ёшли Равшанбек Оллоёров эса Хива туманида яшайди.

Суд ҳукмида айтилишича, Ш.Ҳожиматов ва Ҳ.Тожибоев Жиноят кодексининг 145-моддаси (виждон эркинлигини бузиш) 2-қисми, 244-биринчи прим модданинг (жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш ёки тарқатиш) 2-қисми бўйича айбдор топилган ва 4 йилга озодликдан маҳрум этилган. Р.Оллоёров эса 244-прим модданинг иккинчи қисми билан 3 йилга қамоқ жазосига ҳукм этилган.

Суд ҳар уччала судланувчини ваҳҳобийлик оқимининг Ўзбекистондаги йирик намоёндалари Абдували қори ва Обид қорининг маърузалари ёзилган аудиокассеталарни эшиттириш йўли билан тарқатганликда айблади.

“Эзгулик” инсон ҳуқуқлари жамияти мазкур жиноят иши бўйича мониторинг олиб борди. Жамиятнинг Хоразм вилояти бўлими раҳбари Қаландар Самандаровнинг фикрича, бу йигитлар диндор бўлгани учунгина жазога тортилмоқда. Улар фақат машҳур қориларнинг 1992-93 йилларда тасмага туширилган насиҳатларини эшитган. Бу аудиотасмалар 1997 йилда тақиқланган. Бироқ бу тақиқ ҳақида бирор жойдан маълумот олиш имкони йўқ. Кўпчилик бу ҳақда билмайди ҳам.

Дастлабки суд мажлисларида айбланувчилар жиноий гуруҳ сифатида фаолият кўрсатганликда айбланаётган эди. Бироқ суд бу ҳолатни бекор деб топди.

Судланувчилар орқали аудиотасмаларни эшитган шахслар судда жабрланувчи сифатида иштирок этди. Лекин, Қ.Самандаровнинг айтишича, судда улардан бирортаси ўзининг айбланувчилар ҳаракатидан жабрланганини тасдиқламаган.

Жабрланувчи сифатида судга чақирилганлардан бири 12 ёшли Озод Бекжоновдир.

Маълум бўлишича, О.Бекжонов уйи олдида қўлбола раста қилиб, майда-чуйда савдоси билан шуғулланган. Ш.Ҳожиматов билан танишгач, Озод ундан намоз ўқишни ўргатишни сўраган.

Ш.Ҳожиматов ва Х.Тожибоев вояга етмаган бу ўсмирга намоз ўқишни ўргатиб, диний ташкилотга жалб қилишга уринишда айбланган.

Қ.Самандаровнинг билдиришича, ўгай онаси О.Бекжоновни мактабга жўнатмай, йўл устида савдо қилишга ундаган. Бола эса намоз ўқишини, шунинг учун спиртли ичимликлар сотмаслигини айтган. Шундан сўнг ўгай она уни намозга ўргатганлар устидан ички ишлар идорасига ариза билан мурожаат қилган. Ҳар уч айбланувчи мана шу ариза асосида жавобгарликка тортилган.

Айбланувчилар 10 кун муддат ичида суд ҳукми юзасидан аппеляция тартибида шикоят қилиши мумкин.
XS
SM
MD
LG