Линклар

Акромийларнинг беш босқичи

  • Садриддин Ашур

Ўзбекистонда акромийлар оқимига мансубликда айбланаётган шахслар устидан суд жараёни бошланиши кутилмоқда. Шу муносабат билан “Озодлик” мухбири акромийлар диний оқими ҳақида кенгроқ маълумот олишга уриниб кўрди.

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари қўмитаси раиси ўринбосари Шуҳрат Исмоиловнинг айтишича, акромийлар диний оқимининг асосчиси 1960 йилда Андижонда туғилган Акром Йўлдошевдир. Акромийлар ҳанбалия мазҳабининг ваҳҳобийлик оқимига таяниб иш кўради. А.Йўлдошев 1992 йилда 12 дарсдан иборат “Иймонга йўл” дастурини ишлаб чиққан. Акромийлар ўз дастурларини амалга оширишда бешта босқич борлигини айтади.

“Биринчиси “сирли” ёки “махфий” босқич дейилади. Бунда диний мутаассибликка мойиллиги бор, таъсирчан, нотиқлик ва ташкилотчилик қобилиятига эга, ҳозирги сиёсат ва ҳаётдан норози бўлиб юрган шахсларни ўз сафига жалб қилиш назарда тутилади. Иккинчиси эса “моддий” босқич ҳисобланади. Бу босқичда янги аъзоларни жалб қилиш мақсадида уларнинг моддий ҳаётини яхшилашга эътибор қаратилади. Учинчи – “маънавий” босқичда гуруҳ аъзолари ғоявий ва сиёсий жиҳатдан қайта тарбияланади. Тўртинчи босқич “узвий майдон” деб аталади. Бу босқичда гуруҳнинг ҳар томонлама тайёр бўлган, раҳбарлари айтганидан чиқмайдиган аъзоларини давлат ва жамоат ташкилотлари таркибига киритиш белгиланган. “Тўнтариш” номини олган бешинчи босқичда мавжуд конституциявий тузумни ағдариб ташлаб, ўз ҳокимиятини ўрнатиш кўзда тутилади”, - деди Ш.Исмоилов.

Ш.Исмоиловнинг таъкидлашича, акромийлар “Ҳизб ут-таҳрир” ва ваҳҳобийлик оқимларидан бирмунча фарқ қилади. Ҳизбчилар халифалик қуриш, ваҳҳобийлар пайғамбар давридаги диний ҳолатни қайтаришга интилади. Улар Қуръон ва пайғамбарга тил теккизмайди. Акромийлар эса ҳозирча фақат Аллоҳнинг айтганларини қилиш билан кифояланиш мумкинлигини айтади. Улар пайғамбарнинг гапларига ҳозирча кириш шартмаслигини, олдиларига қўйилган мақсад амалга ошмагунча, намоз ўқиш, рўза тутиш фарз эмаслигини билдиради.

Шайх Муҳаммад Юсуф Муҳаммад Содиқнинг эътирофича, акромийлар яқинда чиққан тоифадир. Бу тоифа вакилларида оқим асосчисининг мулоҳазаларига эргашиб, нотўғри йўлга кетиш, шариатни нотўғри тушуниш, ибодатларни инкор қилиш ҳолатлари бор. Бу гуруҳ Ўзбекистондан бошқа жойда фаолият кўрсатмайди.
XS
SM
MD
LG