Линклар

Қишлоқлардаги маънавий ҳаётга ҳавас қилиб бўлмайди


“Озодлик” мухбири Наманган вилоятидаги баъзи қишлоқларда бўлиб, бу ердаги зиёлилар билан қишлоқлардаги бугунги маънавий ҳаёт ҳақида суҳбатлашди.

Учқўрғон туманидаги Яшиғобод қишлоғилик ўқитувчи ва шоир Набижон Тожибоевнинг сўзларига қараганда, одоб-ахлоқ ва дин бир-бири билан чамбарчас боғлиқ тушунчалардир. Истиқлолгача 15 минг кишилик Яшиғободда 9 та масжид бор эди. Улар ибодатчилар билан тўла бўлган. Ҳозир кўпчилик жума намозидан ташқари барча ибодатларни уйида адо қилади.

Маҳаллий мустақил журналист Меҳмонали Рўзиматовнинг фикрича, халқ, айниқса, ёшлар маънавиятини камол топтиришда китобнинг ўрни катта. Ҳозир эса расмий газеталарда китобхонлар камлиги ҳақида мақолалар чиқиб қолади. Бироқ бундай нолишлардан аввал китобхон эҳтиёжларини ўрганиш керак. Масалан, ҳозир чиқаётган диний ва бадиий китобларнинг савияси паст.

Ёзувчи Абдуллажон Абдуғофуровнинг таъкидлашича, чоп этилаётган китоблар савияси пастлигининг бир қанча сабаблари бор. Ҳозир фақат ҳукумат сиёсати қўллаб-қувватланган асарлар чоп этиляпти, холос.

Шоир Набижон Тожибоевнинг айтишича, илгари Яшиғободда каттагина кутубхона ва китоб дўкони бўлган. Ҳозир улар йўқ. Раис бу биноларни бузиб, ўзига дала ҳовли қурдирган.

Суҳбатдошларнинг билдиришича, қишлоқдаги мактабларнинг аҳволи жуда ачинарли. Ойлик маошни вақтида ололмаётган ўқитувчилар дарсларга эътибор бермай, бошқа тирикчилик қилишга берилган. Натижада ўқувчиларнинг билим даражаси жуда пасайиб кетган.
XS
SM
MD
LG