Линклар

Туркманистонда ҳам ўзбекка кун йўқ


Яқинда Туркманистонда бўлиб қайтган “Эзгулик” инсон ҳуқуқлари жамияти аъзолари бу мамлакатда ўзбеклар ҳуқуқлари камситилаётгани, улар аста-секинлик билан жамият бошқарувидан четлатилаётгани айтмоқда.

Жамиятнинг Хоразм вилояти бўлими раҳбари Қаландар Самандаровнинг сўзларига қараганда, Ўзбекистон ва Туркманистон Президентларининг Бухородаги учрашувидан кутилган умидлар пучга чиққан. Мазкур учрашувдан сўнг икки давлат чегарасидаги тушунмовчилар, қийинчиликлар бартараф бўлиш ўрнига янада кўпайган.

Бухородаги учрашувда фуқароларнинг ўзаро қатнови ва чегарабўйи вилоятларида яшовчи кишиларнинг енгиллаштирилган қатнов тартиби тўғрисида ҳужжат имзоланганди. Бироқ фуқаролар бу ҳужжат қатновни янада оғирлаштирганини айтмоқда.

Уларнинг билдиришича, илгари 6 доллар тўлаб, Туркманистонга хоҳлаган пайтда ўтиш мумкин бўлса, ҳозир шунча пул тўлаб, ойига фақат бир марта ўтиш қоидаси жорий этилган.

Сўнгги йилларда чегарадан ўтиб-қайтишдаги муаммолар сабаб чегара ҳудудларида яшовчи ўзбек ва туркман халқлари ўртасидаги ўзаро борди-келди жуда сусайди.

60 ёшли Гуларо Рўзметова бундан 40 йил муқаддам Туркманистоннинг Тошҳовуз шаҳридан Хоразмга келин бўлиб тушган эди. Ҳозир вилоятнинг Ғойби қишлоғида яшаётган Г.Рўзметова ўн йилдан буён қўшни юртдаги қариндошларидан хабар ололмаётир.

9 фарзанднинг онаси Салимжон момо аслида Хоразмнинг Гурлан туманидан.

“Ҳозир Туркманистоннинг Давлатли қишлоғида яшайман. Қариндошларим мени кўргани ўта олмаяпти”, - дейди у.

“Олтин мерос” халқаро хайрия жамғармаси Хоразм вилояти бўлими раҳбари Комил Нуржоновнинг айтишича, сўнгги 10 йил давомида ўзбек-туркман маданий алоқалари тўхтаб қолган. Туркманистонда илгари мавжуд бўлган ўзбек тилидаги газета-журналлар бугунги кунда нашр этилмаётир. Авваллари бир кунлик тиражи 30 минг нусхагача чиққан “Дўстлик” газетаси 2-3 йил муқаддам таъқиқлаб қўйилган.

Яқинда Ўзбекистоннинг “Эзгулик” жамияти аъзолари Тошҳовузда бўлиб қайтди.

Жамиятнинг Хоразм вилояти бўлими раҳбари Қ.Самандаровнинг таъкидлашича, Тошҳовуз вилоятидаги умумий аҳолининг 69 фоизини ўзбеклар ташкил этади.

“Бу ерда ўзбекларга нисбатан миллатчилик кундан-кунга авжига чиқмоқда. Тошҳовузда биттагина рус мактаби мавжуд. Ўзбек тилида ўқитиладиган мактаблар эса қолмабди. Вилоятдаги ўзбек миллатига мансуб барча раҳбар ходимлар атайин ишдан четлатилган”, - деди Қ.Самандаров.

15 йил аввал Тошҳовузга келин бўлиб тушган 40 ёши Ҳайитгул опа Туркманистондаги ўзбекларнинг аксарияти ижтимоий ночор аҳволда яшаётгани, ўзбеклар штат қисқартириш баҳонасида ишдан бўшатилаётганини маълум қилди.

Маълумотларга кўра, Хоразмда туркман миллатига мансуб 8 минг фуқаро яшайди. Туркманистоннинг Ўзбекистон билан чегарадош бўлган Лебоп ва Тошҳовуз вилоятларида эса 700 мингдан ортиқ ўзбек истиқомат қилади. Туркманистондаги жами ўзбеклар сони 1 миллиондан ошади.
XS
SM
MD
LG