Линклар

Депутат ва сенаторларга Шавкат Мирзиёев маъқул тушди

  • Садриддин Ашур

28 январь куни Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенати ўзининг илк қўшма мажлисини ўтказди. Президент Ислом Каримов маъруза қилган ушбу мажлисда мамлакат Бош вазири ҳам сайланди.

27 январь куни Қонунчилик палатаси ва Сенатнинг мажлислари бўлиб ўтган эди. Унда юқори ва пастки палаталарнинг раҳбарлари сайланганди. Қонунчилик палатаси спикерлигига Олий Мажлиснинг собиқ раиси Эркин Халилов сайланди. Сенат раислиги эса Тошкент молия институти ректори Мурод Шарифхўжаевга насиб этди.

Икки палатанинг 28 январь куни бўлиб ўтган қўшма мажлиси кун тартибидан икки масала ўрин олди. Дастлаб Президент Ислом Каримовнинг давлатнинг ички ва ташқи сиёсати, мамлакатдаги ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий ислоҳотларни чуқурлаштиришдаги асосий вазифаларга бағишланган маърузаси тингланди.

Президент ўз маърузасида яқинда ўтказилган парламент сайлови демократик бўлганини таъкидлади. И.Каримовнинг сўзларига кўра, буйруқбозлик асосида бошқарувдан воз кечиш керак. Жойлардаги ҳокимиятлар устидан жамоатчилик назоратини ўрнатиш зарур.

Президент суд-ҳуқуқ ислоҳотларини давом эттириш, суднинг одил бўлишини таъминлаш ҳақида сўзлади. Унинг фикрича, прокуратура ваколатларининг бир қисмини, масалан, қамоққа олиш учун ордер бериш ҳуқуқини судларга юклаш керак.

“Ўлим жазосини бекор қилиш ҳам ҳал этилиши керак бўлган масалалардан биридир. Ушбу масала етилиб келмоқда ва уни ҳал қилиш лозим. Лекин бунинг учун аҳоли ўртасида бир-икки йил давомида тушунтириш ишлари олиб бориш керак”, - деди И.Каримов.

Ўзбекистон раҳбари оммавий ахборот воситаларини ривожлантириш мақсадида демократик андозаларни жорий қилиш учун аниқ ва изчил чораларни амалга ошириш кераклигини таъкидлади. У журналистлар фаолиятидан кўнгли тўлмаётганини билдирди ва ОАВни қўллаб-қувватлаш учун мустақил жамоатчилик жамғармаси тузишни таклиф қилди.

И.Каримов шу кунгача юргизаётган ташқи сиёсат давом эттирилиши, Ўзбекистон Европа Иттифоқи ва НАТО билан ҳамкорликни мустаҳкамлашдан манфаатдор эканини маълум қилди. У АҚШ, Россия, Германия, Япония сингари давлатлар билан алоқаларни ривожлантириш асосий вазифалардан бири эканини айтди.

Қўшма мажлис аввалида Ўзбекистон ҳукумати ваколатини тугатгани ҳақидаги ариза ўқиб эшиттирилди.

Мана шу мавзуга боғлиқ иккинчи масала муҳокамасида Президент Бош вазир Шавкат Мирзиёев номзодини яна шу лавозимга тасдиқлаш таклифини киритди.

Мана шу масалада сўзга чиққан барча партиялар вакиллари Ш.Мирзиёевни роса мақтади. Шундан сўнг унинг номзоди кўпчилик овоз билан яна Бош вазирликка сайланди.

Энди Ш.Мирзиёев Вазирлар Маҳкамаси таркибини тузиши керак. Икки палатанинг яқинда бўлиб ўтадиган навбатдаги қўшма мажлисида бу таркиб сайланади.
XS
SM
MD
LG