Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 07:11

Қўйилган вазифа яхши, бажарилишига келсак...


Тўлқин

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг 25 январь куни қабул қилинган “Сиҳат-саломатлик йили” давлат дастури тўғрисидаги қарори мамлакатда 2005 йилда соғлиқни сақлаш соҳасида амалга ошириладиган ишларни белгилаб беради.

“Оила” илмий ва амалий маркази катта ходими Маҳбуба Мираҳмедованинг сўзларига қараганда, Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш тизимидаги ислоҳотлар анчадан буён давом этмоқда. “Сиҳат-саломатлик йили” дастурда белгиланган вазифалар эса мана шу ислоҳотларнинг таркибий қисмидир.

Қарорда 2005 йилда соғлиқни сақлаш соҳасини ҳар томонлама ривожлантириш, аҳолининг кенг қатлами фойдалана оладиган ва сифатли соғлиқни сақлаш тизимини яратиш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, сил, ОИТС каби касалликларнинг олдини олишга, камайтиришга эътибор қаратиш борасидаги туб ислоҳотлар ҳақида сўз боради.

Ҳужжатда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, экология меъёрларини тадбиқ этиш, аҳолини сифатли ичимлик сув билан таъминлашга йўналтирилган дастурларни амалга ошириш бўйича ҳам вазифалар белгиланган. Шунингдек, жисмоний тарбия ва спорт, айниқса, болалар спортини ривожлантириш масаласига катта эътибор қаратилган.

Тиббиёт фанлари номзоди, шифокор Даврон Йўлдошевнинг таъкидлашича, қарорда жуда яхши ва оқилона вазифалар белгиланган. Лекин бу вазифаларнинг аксарияти қоғозда қолиб кетиши ҳам ҳеч гап эмас. Чунки “Сиҳат-саломатлик йили” дастурида белгиланган вазифаларни бир йил давомида бажариш жуда қийин. Бу ишларни ҳаётга тадбиқ қилиш учун аслида йиллар талаб этилади.

Ўз исмини ошкор этишни истамаган тиббиёт ходимининг билдиришича, халқнинг турмуш даражасини юксалтирмай туриб, ислоҳотларни самарали амалга ошириб бўлмайди.

“Қарорда тиббиёт ходимларининг ойлик маоши миқдорини қайта кўриб чиқиш ҳақида ҳам гап боради. АҚШда шифокор соатига ўртача 17 доллар, Россияда 1,87, Ўзбекистонда эса 0,18 доллар ҳақ олади. Тиббиётдаги аҳвол қандайлигини шундан хулоса қилиш мумкин”, - деди суҳбатдош.

Унинг фикрича, Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш соҳасидаги туб муаммоларнинг бош сабаби айнан тиббиёт ходимлари маошларининг ўта пастлигидир. Аксарият фуқаро пулли тиббий хизматдан фойдаланишга қурбли эмас. Чунки бу хизматлар жуда қиммат. Масалан, айрим шифохонада бир кун ётиш 13 минг 200 сўм туради. Кўз билан боғлиқ битта операция 75 минг сўм. Агар бемор 10 кун ётса, шуларнинг ўзига 200 минг сўмдан ортиқ сарфлайди. Ўртача ойлик 30 минг сўмлиги эътиборга олинса, жуда кўпчилик даволанишдан маҳрум бўлиб қолаётганини билиш қийин эмас.

Суҳбатдошнинг айтишича, Ўзбекистон турли касалликлар бўйича берилаётган расмий маълумотларга ишонч йўқ. Бола ёки она ўлими учун шифокор қаттиқ жазоланади. Шунинг учун кўпгина ҳолатлар яширилади.

Суҳбатдош ҳозир мамлакатда юрак-қонтомир касалликлари, диабет каби хасталиклар кўпайиб бораётганини билдирди.
XS
SM
MD
LG