Линклар

Нега Инсоният Холокостдан ҳулоса чиқармади


Бу жиноятнинг номи йўқ, деган эди Нацистларнинг Европада 6 миллионга яқин яҳудийни ўлдиргани ҳақида Британиянинг иккинчи жаҳон уруши давридаги Бош вазири Уинстон Черчил. Лекин кейинроқ бу жиноятга геноцид, деган ном ҳам беришган эди. Геноцид сўзининг луғавий маъноси бир миллат ёки халқни ўлдириш, демакдир. 1948 йилда БМТ Геноцидга қарши конвенцияни Холокост даҳшатлари ҳеч қачон қайтарилмаслигига инсониятнинг ваъдаси сифатида қабул қилган эди. Лекин конвенция қабул қилинганидан бери, Камбожа, Руанда, Босния, Дарфур ва Шимолий Ироқ каби дунёнинг турли бурчакларида инсоният геноцидга йўл қўймаслик ҳақидаги ваъдаларини эсдан чиқарганига гувоҳ бўлдик. Нега энди бу ваъда устидан чиқиш шунчалар қийин бўлди? Озодлик радиоси мухбири Дэйзи Синделар бу саволга жавоб топишга ҳаракат қилди. Мухбир лавҳасини Фаррух Юсуфий тақдим этади.

Геноцид тушунчаси биринчи марта 1945-46 йилларда Нацистлар устидан ўтказилган Нюрнберг судида қўлланган эди. Бу суд жараёнида Адолф Гитлер режимининг омон қолган юқори лавозимли мулозимлари турли ирқ, миллат ва динга мансуб гуруҳларни йўқ қилишга уринганликда айбланган эди.

Нацистлар устидан ўтказилган суд ҳамда 1948 йилдаги Геноцидга қарши конвенцияда халқаро ҳамжамиятининг бошқа ҳеч қачон Холокостга йўл қўймаслик қарори акс этганди. Бироқ бу қарор ҳаётда ўз аксини топмади.

Турли миллат ва ирқларга қарашли гуруҳларнинг оммавий равишда ўлдирилиши ҳолатлари бугун давом этиб келмоқда. Судан ғарбидаги Дарфур ҳудудида ҳукуматга тегишли Жанжавид арабларининг ҳарбий гуруҳи ўн минглаб қора танли суданликларни ўлдиргани бунга мисол бўла олади.

АҚШ Дарфур воқеаларини геноцид сифатида баҳолади. Халқаро қонунларга кўра, бу ҳолатга қарши чоралар кўрилиши лозим эди. Бироқ ҳозиргача ҳеч қандай чора кўрилгани йўқ.

Нега ҳалқаро ҳамжамият геноцид такрорланишининг олдини олмади?

Геноцидга барҳам бериш муаммолари билан шуғулланадиган “Лео Купер жамғармаси” номли ташкилот президенти Бернард Хамилтон халқаро ҳамжамият Геноцидга қарши ковенцияда берилган ваъдаларни бажаришга шошилмаётганини айтади.

“Менимча, геноцид ўта жиддий жинояти бўлгани учун, бу жиноятда айбланиш ёхуд унда бошқаларни айблашга маълум маънода қўрқув бор. Шунинг учун халқаро ҳамжамият Геноцидга қарши конвенцияни амалга ошириш механизмларни ишлаб чиқишга эҳтиёткорлик билан ёндашмоқда. Халқаро ҳамжамият халқаро жиноят судини ташкил этиш ҳамда БМТни геноциддан боҳабар қилиш мониторинг тизимини ишлаб чиқишда катта эҳтиёткорлик билан ҳаракат қилмоқда”, - дейди Хамилтон.

Хамилтоннинг айтишича, яқинда Халқаро жиноят судининг ташкил этилиши БМТ конвенциясининг амалига оширилишида муҳим аҳамиятга эга. Шунингдек, дейди у, БМТда геноцид муаммолари бўйича махсус маслаҳатчи лавозимининг жорий этилиши ҳам бу борада қилинган катта қадам бўлган. Аргентиналик ҳуқуқшунос Хуан Мендез ўтган йили бу лавозимга тайинланди. Унинг Дарфурдаги вазият борасидаги дастлабки ҳисоботи сешанба куни БМТ Бош котиби Кофи Аннанга сешанба куни топширилди.

Бироқ геноциднинг олдини олишда бошқа муаммолар ҳам борлигини айтади Флорида Университетининг фахрий профессори геноцид муаммолари бўйича мутахассис Рене Лемаршан. Унинг таъкидлашича, оммавий қирғинлар қурбонлари, профессорнинг таъбири билан айтганда, одатда ғарб дунёсидан олисдаги одамлар бўлгани учун, ғарбликлар улар ҳақида ҳеч нарса билмаслиги ҳам муаммонинг ажралмас қисмидир.

“Бунинг яна бир сабаби геноцидга олиб келадиган воқеаларни эътиборсиз қолдиришимиз ҳамда мудҳиш ҳодисаларнинг олдини олишда керакли чораларни кўрмаслигимиз ёки буни истамаслигимиздир. Холокостдан кейин энг даҳшатли қирғинлар содир этилган мамлакатларни олайлик. Босния, Камбожа, Руанда, Бурунди. У ерда геноцид содир этилишидан олдин америкаликлариннг мингтадан биттаси ҳам бу мамлакатларни дунё харитасида кўрсатиб бера олмасди”, - дейди профессор.

Жамоатчилик бундай фожеалардан, улар содир этилгандагина хабар топса, сиёсатчилар ҳамда давлат ҳукуматлари кўпинча уларни олдиндан кўра биладилар.

Масалан, 1915 йилда америкалик дипломатлар Вашингтонни таҳминан бир миллион арманларнинг Туркия томонидан ўлдирилишига аралашишга чақирган. Анкара бугунгача геноцид айбловларини рад этиб келмоқда.

Ғарблик сиёсатчилар, шунингдек, Босния ва Руандадаги геноциддан ҳам огоҳлантирган эдилар. Лекин бу огоҳлантирувлар 1995 йил Сребреницада 7 минг мусулмоннинг ўлдирилиши ҳамда 1994 йили Руандада миллий озчиликни ташкил этган Тутси қабиласидан 750 минг киши геноцид қурбонларига айланишининг олдини олишга ёрдам бермаган.

Профессор Лемаршан Ғарб давлатлари ўз миллий манфаатларига хавф бўлмаса, ҳарбий ёки бошқа чораларани қўллашни истамаслгини айтади. Бундан ташқари, дейди профессор, Ғарб давлатлари ўзларига нисбатан ҳам бундай айбловлар қўйилмаслиги учун эҳтиёткорлик билан ҳаракат қилади.

АҚШ Геноцидга қарши конвенцияни 1986 йилда, АҚШ ҳукумати ҳеч қачон геноцидда айбланмаслигини таъминлайдиган бандлар киритилгандагина қабул қилди. Шунингдек, АҚШ Халқаро жиноят судига қўшилишдан ҳам бош тортди.

Пайшанбу куни нацистларнинг Освенцимдаги ўлим лагери озод этилганига 60 йил тўлгани муносабати билан турли тадбирлар ўтказилмоқда. Халқаро ҳамжамият эътибори ҳали ҳам мавжуд бўлган геноцид муаммосига яна бир бор қаратилмоқда.

Бироқ, 1970 йилларда камбожада Пол Пот бошчилигидаги қизил кхмерлар бир ярим миллиондан ортиқ камбожаликни оммавйи қирғин қилгани ёки 1988 йилда Ироқ раҳбари Саддам Ҳусайннинг 5 минг қурдни ўлдириши каби воқеалар бундан кейин содир этилмаслиги халқаро ҳамжамиятнинг сиёсий иродасига боғлиқ бўлади.
XS
SM
MD
LG