Линклар

Якшанба куни Ироқда умумхалқ сайловлари ўтказилади


А.Арал Малакатдаги турли партия¸ ҳаракат ва гуруҳлар вакиллари Миллий Ассамблеядаги 275 ўрин учун курашади. Ироқ тарихида биринчи бор ўтказиладиган ушбу сайловга Конституциявий монархия ҳаракати¸ Мустақил Ироқ демократлари ҳаракати¸ Ироқ Ислом партияси¸ Ироқ миллий бирлги гуруҳи¸ Курдистон демократик партияси¸ Бирлашган Ироқ иттифоқи ва бошқа бир қатор гуруҳлар ўз номзодларини қўйган. Хавфсизлик масаласи боис номзодлар рўйхати расман эълон қилинмаган. Сайловчилар номзодлар рўйхатини фақат сайлов куни участкаларга борганларида кўришади. Мамлакатда хавфсизлик таъминланмагани учун халқаро кузатувчилар сайлов жараëнини кузатмайди.

АҚШ ва Ироқ расмийлари ироқликларга мурожаат қилиб¸ якшанба куни сайлов участкаларига бориб овоз беришга такрор ва такрор даъват этмоқда.

АҚШ Президенти Жорж Буш Ироқнинг янги Миллий Ассамблеясини сайлашда миллионлаб ироқликлар қатнашишига ишончи комил эканини билдирди.

"Ироқда террорчилар демократияга қарши¸ демакки¸ Ироқ халқига қарши уруш эълон қилган. Аммо сайловлар ўтказилади. Миллионлаб ироқлик сайловчилар жасорат¸ ватанпарварлик¸ эрк севарликларини намоëн қилади"¸ - деб таъкидлади АҚШ Президенти.

Бироқ айни пайтда¸ исëнчи гуруҳлар сайловларга рахна солишлари ҳақида огоҳлантирмоқда. Шундай гуруҳлардан бирининг жорий ҳафта интернет орқали тарқатган огоҳлантирувида бундай дейилади.

"Биз Ниневеҳ вилояти мужоҳидларимиз. Биз Ислом йўлида Оллоҳ қиличлари бўлишга қасам ичамиз. Улар сайлов деб атаëтган нарса Исломда йўқ. Шунинг учун биз сайлов участкаларига ҳужум қиламиз. Оллоҳ бизга ëр бўлсин"¸ - дейди исëнчи.

Якшанба кунгига белгиланган сайловлар пайтида зўравонликлар рўй бериши хавфи катта бўлгани боис фавқулодда чоралар кўрилган.

Зўравонликлар рўй бериши эҳтимоли айниқса катта бўлган минтақаларда сайлов участкалари қаердалиги сўнгги дақиқаларгача эълон қилинмайди. Баъзи ҳудудларда сиëсий партиялар суиқасдлардан хавфсираб¸ ўз номзодларини жамоатчиликка ошкор қилмаган. Шу боис сайловчилар номзодлар рўйхати билан биринчи бор сайлов участкаларидан танишадилар.

Ироқдаги вазият туфайли халқаро кузатувчилар бормайди ва сайлов қанчалар эркин ва адолатли ўтгани-ўтмаганини бевосита баҳолай олмайди. Халқаро кузатувчилар ўрнига¸ сайловлар жараëнини Ироқнинг мустақил сайлов комиссияси кузатиб боради. Халқаро кузатувчилар сайловни ташкил этишга ëрдам берган БМТ расмийлари ва комиссия аъзолари маълумоти асосида сайловлар қай даражада қонуний ўтганини ўрганади.

БМТнинг сайлов бўйича Ироқдаги вакили Карлос Валензуела мамлакатда хавфсизлик билан боғлиқ муаммолар боис сайловлар ўтказиш учун шароит талабга жавоб бермаслигини эътироф этди. Аммо сайлов натижалари ҳаққоний ва қонуний бўлади¸ деб фикир билдирди.

"Сайлов учун Ироқдаги муҳитни яхши деб бўлмайди. Аммо кўрилаëтган хавфсизлик чоралари самара берса¸ сайловлар муваффақиятли ўтади ва унинг натижалари ҳаққоний ва қонуний бўлади¸ деб ўйлайман"¸ - деди БМТ вакили.

Сайловчиларни ҳимоя қилиш мақсадида Ироқ полицияси ва ҳарбий кучлари сайлов участкалари атрофига жойлаштирилади. АҚШ ва Ироқ расмийлари Америка ва бошқа хорижий кучларни сайлов участкаларидан ўзоқроқда ўрнатишга қарор қилган. Лекин улар зарур бўлган пайтда Ироқ хавфсизлик кучларига ëрдам беради.

Жанггарилар Ироқда якшанба куни ўтказиладиган сайловларни мамлакат ҳарбий оккупацияда бўлгани учун ноқонуний¸ деб айтмоқда.

Ироқда сайлов куни яқинлашаркан¸ хавфсизлик чоралари кучайтирилмоқда. Мамлакатга сафар қилиш ва сайлов участкалари ëнига машинада бориш учун баъзи чекловлар жорий этилмоқда. Сайловдан уч кун олдин Ироқ ўз чегараларини ëпди. Сайлов куни Бағдоддаги халқаро аэропорт ҳам ëпилади. Якшанба куни кўчаларда махсус рухсатсиз машиналар қатнови тўхтатилади. Бундай хавфсизлик чоралари жанггарилар сайлов пайтида миналаштирилган машиналарни портлатишнинг олдини олиш учун кўрилмоқда.

Чет эллардаги ироқликлар жума кунидан эътиборан овоз бера бошлади. Хорижий давлатларда истиқомат қилëтган ироқликларнинг овоз беришини ташкил этган Халқаро миграция ташкилотининг билдиришича¸ 14 мамлакатда овоз бериш ҳуқуқига эга бўлган тақрибан бир миллион ироқликдан 280 минг киши овоз бериш учун рўйхатдан ўтган.

Маълумотларга кўра¸ сайловда қатнашадиган номзодларнинг ҳар учтасидан биттаси аëлдир. Қонун бўйича Миллий Ассамблеядаги ўринлардан тақрибан 25 фоизини аëллар эгаллаши керак. Бу сиëсий ҳаëтда аëлларнинг роли чекланган Яқин Шарқ миқëсида мисли кўрилмаган ҳодиса бўлади.
XS
SM
MD
LG