Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 04:28

Сирли жанговар гранатанинг илк “қурбони”


Турғунбек Кузатувчилар ҳуқуқ-тартибот органлари ходимларининг чегарадан ноқонуний равишда қурол олиб ўтаётганини гувоҳ бўлгани учун ҳибсга олинганини таъкидлаётган андижонлик Турсунбой Зокиров суд ҳукми билан 8 йилга озодликдан маҳрум этилди.

Суд Т.Зокировни товламачилик, ҳужжатларни қалбакилаштириш, гиёҳвандлик моддаларини сақлаш ва сотиш каби жиноятларни содир этишда айблади.

Т.Зокиров Хўжаобод туманилик бўлиб, 1965 йилда туғилган. 4 фарзанднинг отаси.

Судланувчиларнинг адвокати Равшанбек Ҳожимовнинг сўзларига қараганда, Т.Зокиров аслида ҳуқуқ-тартибот ходимларининг “Дўстлик” чегара постидан Қирғизистонга жанговар гранаталарни олиб ўтаётганига гувоҳ бўлгани учун сохта айблар қўйилиб қамалган.

“Вилоят судигача Т.Зокировнинг иши Булоқбоши судида кўрилган эди. Ўшанда судланувчи ўзига қўйилган айблар сохта эканини, ҳуқуқ-тартибот ходимлари қурол-яроғни чет элга ноқонуний ўтказаётганига гувоҳ бўлгани, билинтирмасдан бир дона РГД-5 гранатасини олиб қўйиб, уйига яшириб қўйганини айтди. Гранатани ундан қайтариб ола олмаганларидан кейин ўзига нисбатан сохта жиноят иши уюштирилганини билдирди. Шундан сўнг суд тўлиқ таркибда у айтган жойда бўлиб, гранатани яшириб қўйилган жойдан топди ва текширди. Судланувчиларнинг айтганлари тўлиқ исботини топгандан сўнг унинг иши қўшимча терговга юборилди”, - деди адвокат.

Р.Ҳожимовнинг таъкидлашича, қўшимча терговдан сўнг Андижон вилояти жиноят ишлари судида суд жараёни қайта бошланган. Бироқ юқорида келтирилган ҳолатлар мутлақо инобатга олинмаган. Судланувчи айбини бўйнига олгани тўғрисидаги баённомалар қалбакилаштирилгани, буни текшириб кўриш тўғрисидаги талаблар, бошқа ашёвий далиллар эътиборсиз қолдирилган.

“Эрк” демократик партияси Андижон вилояти бўлими раиси Исроил Холдоров Т.Зокиров устидан ўтказилган суд жараёнини кузатиб борганлар бири. Унинг айтишича, судланувчининг ўз иши юзасидан Миллий хавфсизлик хизмати ва Бош прокуратура томонидан текшириш ўтказиш тўғрисидаги талаби бажарилмаган. Судда гранаталар тўғрисида ҳам оғиз очилмаган.

Т.Зокиров устидан ўтказилган судга раислик қилган Бахтиёр Низомов “Озодлик” мухбири билан суҳбатда қўшни давлатга жанговар гранаталар олиб ўтиш ҳолати бўйича вилоят прокуратураси тергов олиб бораётганини маълум қилди.
XS
SM
MD
LG