Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 16:06

Ироқликлар парламент сайловларида овоз бермоқда


30 январ куни куни Ироқда парламент сайловлари бўлиб ўтади. Унда ўндан ортиқ сиёсий партия номзодлари қатнашмоқда. Сайловларга йўл қўймаслик учун исёнчилар зўравонликларни давом эттираётганига қарамай, Ироқ муваққат ҳукумати фуқаролар хавфсизлигини таъминлашда саъй ҳаракат қилмоқда. Айни пайтда, чет элларда яшаётган ироқликлар ҳам мамлакат янги парламенти аъзоларини сайлаш жараёнида иштирок этмоқда. Улар дунёнинг турли мамлакатларида овоз беришни бошлаб юборди.

275 ўринли Ироқ янги парламентига сайловлар 30 январга белгиланган бўлса-да, чет элларда яшаётган ироқликлар 28 январ куни овоз бера бошлади. 14 давлатнинг 36та шаҳрида яшаётган 280 минг ироқлик парламент сайловида қатнашиш учун рўйҳатдан ўтган. Ироқликлар овоз бераётган ҳамма давлатларда хавфсизлик чоралари кучайтирилган. Маълумотларга кўра, чет элларда яшаётган ва овоз бериш ҳуқуқига эга бўлган бир миллион икки юз минг ироқликнинг 20 фоизидан кўпроғи парламент сайловида қатнашиш истагини билдирган.

Чет элларда яшаётган Ироқ фуқаролар учун сайловларни бош қароргоҳи Женевада жойлашган Халқаро миграция ташкилоти уюштирди. Овоз бериш жараёнини эса 253 нафар халқаро кузатувчи назорат қилмоқда.

Ҳозирда Австралияда 11 минг ироқлик яшайди. Улар чет элларда яшаётган ироқликлар орасида биринчи бўлиб жума куни Сидней шаҳрида ташкил этилган сайлов участкаларида байрамона руҳда овоз бердилар.

Эрон ироқликлар ҳозирда энг кўп яшаётган хорижий давлат ҳисобланади. Бу мамлакатда 61 минг ироқлик сайловда қатнашиш учун рўйҳатдан ўтган. Пойтахт Теҳронда ташкил этилган сайлов участкасида овоз берган Жума Ҳасан Ройтер ахборот агентлиги мухбирига ўз уйига, яъни Ироққа қайтиш истагида эканини, сайловлар эса бундай имкониятни яратиши мумкинлигини айтади:

”Мен ўз мамлакатимга қайтишни жуда хоҳлайман. Мен мамлакатим мустақиллиги учун овоз беряпман. Мен ватанимга қайтиб, қайта тиклаш ишларида ёрдам бера оламан деган умиддаман”.

Европа мамлакатларидан Швецияда 31 минг ироқлик сайловларда қатнаншиш учун рўйҳатга олинган. Бу мамлакатда яшаётган ироқлик курд Сувон Қодир сайловлар Ироқ учун қолаверса, ироқлик курдлар учун муҳим аҳамиятга эгалигини айтади.

Европанинг бошқа давлатлари ва АҚШда яшаётган Ироқ фуқаролари ҳам сайловларда қатнашмоқда. Британияда яшаётган 150 минг ироқликнинг 30 мингдан кўпроғи Лондон, Манчестер, Глазго шаҳарларида овоз бермоқда.

Германияда эса 25 мингдан кўпроқ ироқлик сайловда қатнашиш истагини билдирди. 10 мингдан ортиқ Ироқ фуқароси истиқомат қилаётган Францияда атиги бир минг эллик нафар ироқлик сайловда қатнашиш учун рўйхатдан ўтган.

Яқин Шарқ мамлакатлари, хусусан Иорданияда 20 мингдан ортиқ Ироқ фуқароси сайлов расмийлари томонидан рўйҳатга олинган. Бирлашган Араб Амирликларида 12 минг 600, Сурияда 16 минг 581 ироқлик ва Туркияда 4 минг 200 нафар Ироқ фуқароси сайловда қатнашиш учун рўйҳатдан ўтган. Халқаро миграция ташкилоти маълумотига кўра, Ироқ парламенти сайловлари учун чет элларда берилган овозлар натижаси 5 февралда эълон қилинади.

Ироқда сайловлар арафасида исёнчилар ҳужумлари авжига чиқмоқда. БМТ расмийларига кўра, Ироқ парламенти сайловларига техник жиҳатда яхши тайёргарлик кўрилган, лекин мамлакатнинг айрим минтақаларида хавфсизлик билан боғлиқ вазият кўнгилдагидек эмас.

БМТнинг сайловлар масалалари билан шуғулланувчи бўлим раҳбари Карина Перелли Ироқ мустақил сайлов комиссияси мураккаб шароитда амалга оширган ишларни мақтади. БМТ расмийсига кўра, бу комиссия саккиз ой давомида минг нафар ходимни ишга ёллаган ва 150 минг ишчини мамлакат бўйлаб ташкил этилган сайлов участкаларига жўнатган. 30 январ куни Ироқ янги парламентига сайловлар жараёнини 60 минг маҳаллий ва сиёсий партиялар вакиллари назорат қилади.

Ироқ марказий сайлов комиссиясига яқиндан ёрдам кўрсатаётгани учун БМТ вакиллари сайлов жараёнини кузатмайди. Лекин Ироқ парламентига сайловларни аккредитациядан ўтган 122 нафар халқаро кузатувчи назорат қилади.
XS
SM
MD
LG