Линклар

Журналистлар мустақил иттифоқ тузишга киришди

  • Садриддин Ашур

30 январь куни Тошкентдаги “Ле-Меридиан” меҳмонхонасида маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситаларининг 20 дан ортиқ ходими йиғилиб, Ўзбекистонда журналистлар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилувчи янги ташкилот тузиш юзасидан фикрлашди.

Ушбу йиғин натижаси ўлароқ, шартли номи “Ўзбекистон журналистлари иттифоқи” бўлган янги ташкилотнинг ташаббус гуруҳи тузилди.

Мамлакатдаги ОАВ ходимларини бирлаштирувчи Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси, журналистларнинг айтишича, қалам аҳлининг ҳуқуқларини ҳимоя қилаётгани йўқ. Бу ташкилот ҳукуматнинг чизган чизиғидан чиқмаётир.

Уруш ва тинчликни ёритиш институтининг (Буюк Британия) Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Галима Бухорбоева мамлакатда журналистларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилувчи мустақил иттифоқ тузиш ғояси анчадан бери муҳокама қилиб келинаётганини билдирди.

“Ўзбекистонда журналистларнинг манфаатини айнан журналистик фаолият нуқтаи назаридан ҳақиқий ҳимоя қиладиган бирор ташкилот йўқ. Ҳамкасбларимиз янги иттифоқ тузишга зарурият пайдо бўлганини айтмоқда. Бу инсон ҳуқуқларини эмас, балки журналистлар ҳуқуқларини ҳимоя қиладиган иттифоқ бўлиши лозим. Ўзига елкадош топишни истайдиган ҳар бир журналист иттифоққа аъзо бўлиши, ҳамфикр топиши мумкин”, - деди Г.Бухорбоева.

Журналист Қудрат Бобожоновнинг фикрича, журналистларни ҳар қандай ҳиссиёт ва шахсий манфаатлардан холи бўлган профессионал ғоя бирлаштириши керак. Янги ташкилот бирор тўсиқ қўйилиб, маҳаллий ОАВда чиқмаган материални мустақил ахборот манбалари орқали эълон қилишга ҳам ёрдам кўрсатиши мумкин.

Ўзбекистон журналистлари ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш ташкилоти ташаббус гуруҳи раҳбари Юсуф Расуловнинг таъкидлашича, янги иттифоқ тузиш ҳаётий заруратдир. Чунки айни пайтда мамлакатда мавжуд бўлган журналистик ташкилотлар ОАВ ходимларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилишда амалий чора-тадбирлар кўраётгани йўқ.

Йиғилишга маҳаллий ОАВ ходимларидан бир нечаси таклиф қилинганига қарамай, фақат “Зеркало 21” газетаси мухбири Феруза Ҳошимхонова келди, холос.

“Мен илгари ҳукумат нашри – “Народное слово” газетасида ишлар эдим. Кейин “Зерколо 21”га ўтдим. Ҳар ҳолда бу ижодий жамоа. Журналистларимиз ҳақиқатни ёзишга ҳаракат қилади. Гарчи газетамиз мустақил саналсада, ички, устки ва ҳоказо цензуралар мавжуд. Шунга қарамай, биз воқеликни ҳаққоний ёритишга ҳаракат қиламиз. Мен ҳукумат учун эмас, балки жамият учун ишлайдиган ана шундай ташкилот (иттифоқ) тарафдориман”, - деди Ф.Ҳошимхонова.

Йиғилишда янги ташкилот ташаббус гуруҳи тузилди. Бу гуруҳ ташкилотнинг низоми ва дастурини ишлаб чиқади.
XS
SM
MD
LG