Линклар

Турсунали Акбаров ишдан бўшатилди


Феруза

Хабарларга қараганда, “Ҳуррият” газетаси мухбири Турсунали Акбаров ишдан бўшатилган.

Т.Акбаров ҳуқуқий мавзудаги ўткир мақолалари билан анча танилган маҳаллий журналистлардан бири саналади. Ўзбек матбуоти билан яқиндан таниш зиёлилар уни дадил журналистлардан бири деб билади.

“Ҳуррият” газетаси бош муҳаррири вазифасини бажарувчи Исмат Худоёров Т.Акбаровнинг ишдан бўшатилиши унинг ижодий фаолияти билан боғлиқ эмаслигини таъкидлади. Ички тартиб-қоидаларидан келиб чиқиб, таҳририят 2005 йилда у билан шартнома тузишдан воз кечган.

Т.Акбаров эса ўз ихтиёри билан ишдан кетмагани, меҳнат шартномаси муддати узайтирилмагани И.Худоёров билан шахсий келишмовчиликка бориб тақалишини билдирди.

“Таҳририятдаги ички тартиб-қоида масаласи ҳам қизиқ. Газетада ҳамма топшириқларни бажариб қўйиб, шахсий ишлари билан шуғулланиш мумкин. Биз бошда мендан иш ва унинг сифатини талаб қилишга келишгандик. Аслида газетада ички-тартиб қоиданинг ўзи йўқ”, - деди Т.Акбаров.

Т.Акбаров энди бироз дам олишни режалаштираётгани, келажакда журналистик фаолиятини, албатта, давом эттириш ниятида эканини маълум қилди.
XS
SM
MD
LG