Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 21:21

Марказий нашрлар шарҳи


Дилнаво

Ўтган ҳафтада марказий нашрлар асосий эътиборни Ўзбекистон Олий Мажлисининг юқори ва қуйи палаталари мажлисларига қаратди. Матбуотда Президент Ислом Каримовнинг Олий Мажлис қўшма мажлисидаги маърузаси эълон қилинди. Бундан ташқари, иккита газетада Ироқда сайловга оид мақолалар чоп этилди.

“21 аср” газетасининг 28 январь сонида босилган Ироқдаги сайловга оид “Хавфсизлик бирламчи масала” сарлавҳали мақолада бундай сатрлар бор: “…кўпчилик кузатувчилар сайловда шиа аҳолиси вакиллари ҳамда шимоллик курдлар номзодлари муваффақият қозонади, деган фикрларни қўллаб-қувватлашмоқда. Аҳолининг айнан шу қисми вакиллари орасида сайловда қатнашиш истаги анча юқори. Тhе Еconomist мухбири Саддам Ҳусайн бошчилигида мамлакатни бир неча ўн йил давомида бошқарган суннийларни ҳокимиятдан четлаштиришга бўлган интилишни бунга асосий сабаб сифатида кўрсатади. Мамлакат сунний аҳолиси, шубҳасиз, бўлажак сайлов ва унинг тахминий натижаларини интиқлик билан кутаётгани йўқ. Зеро, ушбу воқеа уларни узоқ йиллик мавқеларидан айириши турган гап”.


“Қишлоқ ҳаёти” газетаси ҳам шу мавзуга ўрин берган. Унда ёзилишича: “30 январь куни Ироқ аҳли мамлакат миллий ассамблеясига 275 нафар депутатларни сайлаб беришлари лозим. Лекин сайлов бошланмасиданоқ аксар ироқликлар овоз бериш учун сайлов участкаларига чиқишга ҳадиксираб қолишганини баён этишмоқда”.


“Ҳуррият” газетасининг 26 январь сонида журналист Шуҳрат Жабборовнинг ёзувчи Шодмон Отабек билан бугунги давр табиати, замондошлар тафаккури хусусидаги суҳбати “Қарздорлик” сарлавҳаси остида эълон қилинди. Унда журналистнинг бугунги кун Ўзбекистон матбуотида бекор қилинган цензурадан журналистлар қандай фойдаланмоқда, деган саволига ёзувчи бундай жавоб беради: “Кўпчилигимиз цензура расмий бекор қилингандан кейин матбуотда жиддий жонланиш юз берса керак, деб ўйлагандик. Афсуски, ундай бўлмади. Энди бош муҳаррирларнинг ўзлари цензура бўлиб қолди. Жой ширин! Амал ширин! Энди цензура журъатсиз, сал нарсага ҳадиксирайверадиган юракларга кўчди”.


“Ҳуррият”нинг шу сонида рус шоири, ҳофиз, киноактёр Владимир Висоцкийнинг ҳаёти, ижоди ва сирли ўлими ҳақидаги кичик мақола ва унинг Амирқул Карим таржимасидаги шеърлари “Ҳакам саволидан қочиб юрмасман” сарлавҳаси остида эълон қилинди. Қуйида шеърларнинг биридан парча келтирамиз:

“Энди кўзда ёш-ла куламан,
Кафан бичиб солгум жонимни.
Зеро, қўрқув, ўлим нафаси
Музлатади қайноқ қонимни.

Билдим, энди айтмасман қўшиқ,
Билдим, энди тушлар кўрмасман.
Кечирганим барчаси сароб,
Рўёлардан кунлар ўрмасман.

Ийд либосин қолдиғин ўтга
Отиб, созим торин юламан.
Сохта умид қули бўлганча
Лофга тобе бўлмай ўламан”.


Ўзбекистоннинг Қозоғистон билан чегарадош Тошкент туманида чегара яқинидаги дала ҳовлиларининг ҳукумат буйруғи билан бузиб ташланаётгани ҳақида маҳаллий матбуотда биринчи марта хабар берилди.

“Зеркало 21” газетасининг ўтган ҳафтадаги сонида Ирина Рибарнинг шу мавзудаги “Айрилиқ ҳудудида” (“В зоне отчуждения”) мақоласи чоп этилди. Мақолада муаллиф, жумладан, бундай ёзади: “Менинг: “70 ёшда қандай қурилиш қилиш мумкин”, деган эътирозимга Рустам Раҳимович (Тошкент вилояти ҳокимлиги ҳуқуқшуноси): “Фарзандлари ёрдам берсин, қариялар хозирча уларникида яшаб турсин”, дея жавоб қайтарди. Ҳа, буёғи қизиқ бўлди, давлат бузади, бунинг жабрини фарзандлар тортади. Бундан ташқари, суҳбатдан англадимки, дала ҳовли қурилиши бўйича ҳужжатларида бирор кичик ноаниқлик бўлган мулк эгалари товон пулига умид қилмаса ҳам бўлади. Тахмин қилишим мумкин, бунақалар жуда кўп бўлади. Умуман, битта масалада ҳуқуқшунос ҳақ. 2-3 (аслида юзлаб) қариянинг ҳуқуқ ва манфаатлари ҳақиқатан ҳам давлат хавфсизлиги олдида арзимасдир. Афсус…”.
XS
SM
MD
LG