Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 23:20

Малоҳат насроний бўлди


Феруза Москвада гўдак фарзанди билан уйсиз-жойсизликдан қийналган самарқандлик Малоҳат Мингбоева черков руҳонийси кўмагида ўзига бошпана топгач, насронийликни қабул қилди.

“Озодлик” радиоси Москвадаги ҳожатхонада фарзанди билан яшаётган, “Московский комсомолец” (МК) газетасида у ҳақда мақола эълон қилингач, шу бошпанасидан ҳам айрилган М.Мингбоева тақдири ҳақида илгари ҳам хабар берганди.

МК Малоҳатнинг тақдири ҳақида ҳикоя қилганидан сўнг унга ёрдам беришни истовчилар жуда кўпайган, лекин бу аёл черков руҳонийси томонидан топилган бошпанани афзал кўрган эди.

Яқинда тарқатилган маълумотларга кўра, Малоҳат насроний динини қабул қилган.

Малоҳатга ёрдам кўрсатган руҳоний Аркадий Кузнецовнинг сўзларига қараганда, М.Мингбоева черков ҳаёти билан танишган, Инжилни ўқиб кўрган, шундан кейин ўзи ва қизалоғини чўқинтиришни сўраган ҳамда насронийликни қабул қилган. Айни пайтда православлар ибодатларини бажариш учун черковга келиб туради.

“Озодлик” мухбири Малоҳатнинг ўзи билан ҳам телефон орқали суҳбатлашишга муваффақ бўлди.

Малоҳат айни пайтда тинч ва осойишта яшаётгани, унга москваликлар, черков руҳонийси, турк ва голланд компаниялари вакиллари ёрдам кўрсатаётгани, иш таклиф қилаётгани, айримлар Москвада доимий қайддан ўтишга ҳам кўмак беришга тайёрлигини билдираётганини таъкидлади.

“Мен бу ерда ўзимни ҳеч кимга сотганим йўқ. Оғир кунимда ишладим. Мен қизим учун ҳамма нарсага тайёрман. Энди пулим бор. Лекин ҳозир нима қилишимни билмаяпман. Чунки юртимнинг бир қарич ерини соғиняпман. Ҳар куни йиғлаяпман”, - деди Малоҳат.

Суҳбат сўнггида Малоҳат, албатта, Ўзбекистонга келишини, ўзига ўхшаб қийналганларга ёрдам бериш ниятида эканини маълум қилди.

Хўш, Малоҳатники каби вазиятга тушиб, шароит тақозоси билан динини ўзгартирганларга исломда қандай баҳо берилади?

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг таъкидлашича, ҳозир муҳтожлик, йўқсизлик, умидсизлик сабаб баъзи мусулмонларнинг исломдан воз кечаётгани бор гап.

“Ўша аёл (Малоҳат) диндан, диёнатдан, исломдан яхши хабардор бўлмаганига тўлиқ ишонаман. Нима бўлганда ҳам унинг исломдан чиқиб, христиан динини қабул қилиши мутлақо нотўғри ҳисобланади. Бироқ унинг “болам учун шу ишни қилишга мажбур бўлдим”, деган гапи ҳақиқатлигига умид уйғонади. Қандайдир моддий ёки бошқа муҳтожлик орқасидан исломдан воз кечаётганлар, минг афсуски, учраб турибди. Москвадаги аёл ҳам эҳтиёжлари қониб, исломни тушуниб етганида насронийликни тарк қилиб, мусулмонликка қайтишига умидвормиз”, - деди шайх ҳазратлари.

Шайх ҳазратлари ўзи билмай, тушунмай исломдан чиққан ва кейинчалик ўз тафаккури билан яна динга қайтадиган, вазият тақозоси билан тилидагина бошқа динни қабул қилиб, дилида исломни сақлаган бандаларни Аллоҳ таоло кечиришини билдирди.
XS
SM
MD
LG