Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 20:00

Арзимаган нафақа ва Саноатнинг ўлими


Ўтган ҳафтада Наманган вилоятининг Норин туманидаги Ҳаққулобод шаҳарчасида яшовчи 25 ёшли Саноат Салоҳиддинова ўзини-ўзи осиб ўлдирди. Унинг икки фарзанди етим қолди.

Маълум бўлишича, 27 январь куни С.Салоҳиддинова бир гуруҳ аёллар билан болаларининг нафақа пулини олиш учун Халқ банкининг туман бўлимига борган. Аёллар нафақани дўконларга ўтказиб бермай, тўғридан-тўғри ўзларига беришни талаб қилган. Банк раҳбарлари эса аёлларга бунинг иложи йўқлигини айтиб, ҳақоратлаган. Шундан сўнг С.Салоҳиддинова туман ҳокими ҳузурига кирган. Ҳоким уни ёмон аёлларга қўшилиб қолганликда айблаб, турли пўписалар қилган. С.Салоҳиддинова бундан қаттиқ таъсирланиб, уйига келган ва ўзини осган.

Ҳаққулободликларнинг айтишича, битта ёш бола учун бериладиган нафақа миқдори 3 минг сўмдан сал ошади. Аммо бу пулни олиш учун ота-оналар жуда кўп овора бўлади. Одатда нафақа пуллари дўконларга ўтказиб берилади. Бу ердан эса ота-оналар шу пул эвазига бозордагидан анча қиммат нархда турли маҳсулотлар сотиб олишга мажбур.

“Озодлик” мухбири воқеа тафсилотларини ўрганиш учун туман ҳокимлигида бўлди. Ҳокимлик ходимларидан бири ҳоким фуқароларга ҳеч қачон қўпол муомалада бўлмаслигини, уларнинг муаммоларини ҳал қилишга уринишини билдирди.

Халқ банкининг туман бўлими ходими эса 27 январь куни С.Салоҳиддинова банкка келмагани, аслида уни руҳий касал, деб эшитганини айтди.

Аммо Саноатни яқиндан биладиганлар у умуман касал бўлмаганини таъкидламоқда. Уларнинг фикрича, ёшгина аёл иқтисодий қийинчилик ва адолатсизликлардан тўйиб кетгани учун ўз жонига қасд қилган.
XS
SM
MD
LG