Линклар

logo-print

Вазирлар Маҳкамаси қарори билан Тошкент вилоятининг Қозоғистон билан чегара ҳудудида жойлашган дала ҳовли ва уйлари бузиб ташланаётган бир гуруҳ фуқаролар 1 февраль куни матбуот анжумани ўтказди ва Тошкент вилояти ҳокимлиги биносини пикет қилди.

Матбуот анжумани ва пикетда “Эрк” ҳамда “Озод деҳқонлар” партиялари аъзолари, инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ҳам иштирок этди.

Қибрай туманидаги Май қишлоғида жойлашган уйлари ва дала ҳовлилари бузилаётган фуқароларнинг айтишича, уларга ҳатто товон пули ҳам берилмаётир. Маҳаллий ҳокимият эса уларнинг арз-додига қулоқ солмаяпти.

Дала ҳовлиси бузиб ташланган пенсионер Пётр Сайковнинг сўзларига қараганда, унинг уйи ҳокимлик қарорисиз, тегишли ҳужжатларсиз вайрон қилинган. Уй бузишга олиб келинган кишилар мулк эгаларининг дод-фарёдига қулоқ осаётгани йўқ. Чегарачилар эса уларни отиб ташлаш билан қўрқитмоқда.

Матбуот андуманида иштирок этган “Эрк” партияси бош котиби Отаназар Орипов уйларнинг бу тахлит бузиб ташланиши хусусий мулкка тажовуз ва жиноий жазога лойиқ қилмиш эканини билдирди.

Сиёсатшунос Баҳодир Мусаев эса ҳукумат барибир бу масалани ижобий ҳал этмаслигини, чунки давлат учун инсоннинг қадри йўқлигини таъкидлади ва барча ҳужжатларни тўплаб, халқаро судларга мурожаат қилишни маслаҳат берди.

Матбуот анжумани тугагач, йиғилганлар “Ле Меридиан” меҳмонхонасидан Тошкент вилояти ҳокимлигигача пиёда борди ва бинони пикет қилди. Диққатга сазовор жиҳати шундаки, қарийб 25 нафар пикетчининг барчаси зарғалдоқ рангли плакатлар ва байроқчалар кўтариб олган эди.

Зарғалдоқ ранг ҳокимлик ходимларини эсанкиратиб қўйди, шекилли, улар дарҳол пикетчилар билан музокарага киришди. Айниқса, вилоят ҳокими ўринбосари Йўлдошевнинг саросимага тушгани шундоққина билиниб турарди. У пикетчиларни тезроқ плакатларни тушириб, ҳокимликнинг йиғилишлар залига киришга таклиф қилди.

Гарчи шаррос ёмғир қуйиб турган бўлса-да, пикетчилар бу таклифга рози бўлмади. Улар вилоят ҳокими чиқишини талаб қилди. Бироқ ҳоким Чирчиқда экан. Анча давом этган музокаралардан сўнг пикетчилар залга киришга рози бўлди. Бу ерда ҳоким ўринбосари Йўлдошев: “Нима қиласизлар зарғалдоқ рангли байроқ кўтариб, ундан кўра Ўзбекистон байроғини кўтарсангизлар бўлмайдими”, - деди.

Орадан бирмунча вақт ўтгач, вилоят ҳокими Козим Тўлаганов етиб келди ва пикетчиларни қабул қилди. Бу учрашувга журналистлар киритилмади.

Музокара бир соатдан ортиқ давом этди. Пикетчиларнинг билдиришича, К.Тўлаганов 4 февраль куни махсус комиссия Май қишлоғида бўлиб, дала ҳовли ва хусусий уйларнинг қийматини белгилашини, келгуси ҳафтадан эса товон пуллари тўлашга киришилишини ваъда қилган.
XS
SM
MD
LG