Линклар

logo-print

Ироқ раҳбарлари суннийларни янги ҳукумат таркибига киритиш йўлини изламоқда.

  • Ҳасанжон

30 январ куни Ироқда бўлиб ўтган Парламент сайловларида берилган овозларни санаш ишлари давом этмоқда. Расмий натижалар бир ҳафтадан кейин эълон қилиниши кутилмоқда. Айни пайтда, жанггарилар фаол бўлган Ироқнинг суннийлар яшайдиган минтақаларидан вакиллар парламентда кам бўлиши мумкинлиги ҳақида ташвиш билдирилмоқда. Шу сабабли Ироқ раҳбарлари Парламентда суннийлар вакиллари етарли бўлишининг йўлини изламоқда.

Ироқ Марказий сайлов комиссияси расмийларига кўра, Парламент сайловларида овоз берувчилар сони кутилганидан кўпроқ, яъни, дастлаб эълон қилинганидан кўра камроқ бўлган. Сайлов комиссияси расмийларининг маълум қилишича, сайлов натижалари камида 10 кундан кейин эълон қилинади. Ҳозирда Ироқнинг турли вилоятларидан Бағдодга сайлов бюлетенлари солинган қутилар олиб келинмоқда. Бюлетенларни кучайтирилган тартибда қўриқланадиган Бағдоднинг “Яшил Зонаси”да жойлашган Марказий сайлов комиссиянинг 200 ходими 80та компютерда 24 соат давомида тинимсиз санамоқда.

Бу жараён давом этар экан, Ироқнинг суннийлар яшайдиган минтақаларида сайловчилар кам қатнашгани ва шу боис Парламентда сунний жамоалар вакиллари кам бўлиши мумкинлиги юзасидан хавотир билдириляпти.

Сунний мазҳабига мансуб бўлган Ироқ Президенти Ғози Ал-Явар сешанба куни суннийларга қарашли партияларга мурожаат қилиб, улар сиёсий жараёнларга қўшилиш йўлини излашларига умид билдирди:

”Мен уларни жуда ҳурмат қиламан. Бу ҳамма жамоалар вакиллари қатнашиши лозим бўлган сиёсий жараён эканини улар яхши тушунади, деб ўйлайман. Менимча, биз ҳозир ҳам улар билан мулоқот ўрнатишга ҳаракат қиламиз”, - деди Ироқ Президенти.

Сайловларда қатнашмаган Сунний жамоасининг энг йирик партияси - Ироқ ислом партияси сайловда қатнашмаган бўлса ҳам, янги ҳукуматга кириш ниятида эканини билдирди. Лекин партия матбуот вакили Ояд Самаррайга кўра, суннийлар ҳукумат таркибидан ўзларига қанча ўрин ажратилиши, шунингдек, хорижий қўшинлар мамлакатни қачон тарк этиши аниқ маълум қилинишини хоҳлайди.

Душанба куни Ироқ Бош вазири Ийяд Аллавий янги ҳукумат таркибида Ироқнинг барча жамоалари вакиллари бўлишини таъминлаш учун миллий миқёсда мулоқот бошлашга ваъда берди.

Кузатувчилар фикрича, сунний жамоаларини Ироқдаги сиёсий жараёнларга жалб этиш ҳақида ўйлашга вақт хали эрта. Шундай бўлса-да, бунинг бир неча йўли бор.

Бош қароргоҳи Лондонда жойлашган Уруш ва тинчликни ёритиш институтининг Яқин Шарқ бўйича мутахассиси Аммар аш-Шахбандер фикрича, биринчи йўл сайловларда муваффақиятли қатнашган коалиция партиялари ўз номзодлари рўйҳатини ўзгартириб, унга суннийлар вакилларини кўпроқ киритишидир.

”Номзодлар рўйҳати 100 фоиз аниқ белгиланмагани сабабли сунний жамоалари вакилларини хали ҳам Парламентга ва сиёсий жараёнларга жалб этиш имконияти бор. Сайловларда номзодлар рўйхати расмий бўлмаган. Чунки Ироқликлар номзодларга эмас, балки муайян партия учун овоз берган”, - дейди британиялик таҳлилчи.

Аш-Шахбандер фикрича, агар партиялар парламентга етарли сонда суннийларни жалб этолмаса, Парламент янги ҳукумат аъзоларини сайлаётган пайтда буни амалга ошириш мумкин. Таҳлилчига кўра, Ироқ ҳукуматидаги ўринлар мамлакатдаги барча гуруҳлар вакилларига тенг тақсимланиши борасида АҚШ Ироқ ҳукуматига босим ўтказиши мумкин.

Таҳлилчилар фикрича, сунний жамоалари вакилларини сиёсий жараёнларга жалб этишнинг учинчи йўли Парламент аъзолари сонини кўпайтиришдир. Лекин Ироқда бу таклифни кўпчилик қўллаб-қувватламаяпти. Чунки Парламент аъзолари сонини кўпайтириш унинг фаолиятига ҳамда Ироқ ҳукумати структурасига салбий таъсир этиши мумкин.
XS
SM
MD
LG