Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 07:06

ЖССТ тавсия берди, уни қабул қилиш Ўзбекистон ҳукуматига боғлиқ


Саида Хабарларга қараганда, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти бир неча мамлакатга, жумладан, Ўзбекистонга 500 грамм вазн билан туғилган чақалоқларни жонлантириш бўйича тавсиялар берган.

Шифокор Комилжон Отабековнинг сўзларига қараганда, чақалоқларнинг 500 грамм вазн билан туғилиши тиббиёт тилида “кечки тушиш” деб аталади. Онанинг касалмандлиги, ўта камқонлик, оғир жисмоний зўриқиш ҳомила тушишига сабаб бўлади. Бундай туғилган чақалоқларни тиббиёт нуқтаи назаридан жонлантириш талаб этилади. Унга зарурий тиббий ёрдам кўрсатилса, бола яшаб кетиши мумкин. Аммо кўп ҳолларда айрим ички органлари етарли ривожланмагани сабабли бундай чақалоқлар маълум кунлар ёки ойлардан сўнг барибир нобуд бўлади. Бола яшаб кетган тақдирда ҳам аксарият ҳолларда ногирон бўлиб қолади.

Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазирлигидан олинган маълумотларга кўра, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсияси асосида 500 грамм вазн билан туғилган болаларни жонлантириш бўйича Фарғона вилоятида махсус лойиҳа амалга оширилаётган бўлиб, айни пайтда унинг иккинчи босқичига ўтилган.

Фарғона вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси оналик ва болалик бўлими раҳбари Шаҳобиддин Қўчқоровнинг таъкидлашича, лойиҳанинг биринчи босқичида туғруқхоналардаги ходимлар 500 грамм вазн билан туғилган чақалоқларни жонлантириш бўйича ўқитилган. Иккинчи босқичда вилоятдаги барча туғруқхоналар электрон тарозилар, бўй ўлчагичлар ва дастлабки ёрдам кўрсатишда зарур бўлган бошқа ускуналар билан таъминланган.

Ш.Қўчқоровнинг билдиришича, ушбу лойиҳани жорий йилдан бошлаб Тошкент шаҳрида ҳам жорий этиш кўзда тутилган Лойиҳа доирасида амалга оширилган ишлар натижалари йил якунида ҳукуматга тақдим этилади. Ҳукумат таҳлил натижаларига қараб ЖССТ тавсияларини қўллаш-қўлламасликни ҳал этади.

Ш.Қўчқоровнинг эътирофича, бу тавсияларни қўллаш учун катта маблағ зарур. Қолаверса, бунинг натижасида мамлакатдаги болалар ўлими кўрсаткичи жуда ошиб кетиши мумкин.

К.Отабековнинг фикрича, ЖССТ тавсияларини Ўзбекистон шароитида қўллаш осон кечмайди. Чунки тўлиқ ривожланмаган организмга эга чақалоқларни ҳаётга қайтариш, уларни вояга етказиш жуда катта маблағ талаб этади.
XS
SM
MD
LG