Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 09:46

Сирдарёда газ муаммоси қачон ҳал бўлади?


Лобар Сирдарё вилоятининг аксарият туманларида бир неча йиллардан буён газ тақчиллиги кузатилади. Айниқса, қиш мавсумида аҳоли газ етишмовчилигидан ниҳоятда қаттиқ азият чекади.

Сирдарё туманидаги “Истиқлол” ширкатлар уюшмасида яшовчиларнинг сўзларига қараганда, бу ерга 2001 йилдан буён газ етиб келмайди. Ўтган йил давомида хўжаликка бор-йўғи бир ой давомида газ берилган, холос.

Газ йўқлиги қария ва ёш боласи бор оилаларга, айниқса, кўп ташвиш келтирмоқда. Болаларнинг совуқ натижасида тез-тез касалликка чалинаётгани шундоқ ҳам иқтисодий қийинчиликда яшаётган кўплаб оилалар учун катта муаммога айланмоқда. Айрим оилалар ёш болаларини уйи бирмунча иссиқ қариндошлариникига олиб бориб қўйишга мажбур бўляпти.

Мактаб ўқитувчиларининг таъкидлашича, кўпчилик болалар касаллик туфайли ҳафталаб дарсга кела олмаётир. Хўжаликдаги икки мактабда хоналар совуқ бўлгани сабабли дарс соати 45 минут эмас, 35 минут этиб белгиланган. Мактабларда давомат паст бўлиши билан бирга, ўқувчиларнинг савияси ҳам тушиб бормоқда.

Ўқитувчилардан бирининг айтишича, хоналарни иситиш учун электр иситиш қурилмаларидан фойдаланиляпти. Бу эса ёнғин хавфсизлиги талабларига зид ва ўқувчилар ҳаётини хавф остига қўяди.

Газ муаммоси вилоятнинг бошқа туман ва шаҳарлари учун ҳам одатий ҳолга айланган.

Янгиер шаҳрилик Ботир Ашурбоевнинг эътирофича, шаҳар аҳли 3 йилдан буён газ нималигини билмайди.

Мирзаобод туманилик бир фуқаро 5 йилдан буён етиб келмаётган газ сайлов арафасида берилганини маълум қилди. Сайловдан кейин эса газ яна ўчган.

Вилоят газ таъминоти бошқармаси бошлиғи Баҳодир Боймуродов туманлардаги аҳволдан бохабар экани, бу муаммони ҳал этиш мушкуллигини билдирди.

Унинг таъкидлашича, фойдаланиш муддати 25 йилни ташкил этадиган газ қувурлари тортилганига 40 йилдан ошган. Уларни алмаштириш эса катта маблағ талаб этади. Шунга қарамай, 2006 йилгача Сардоба, Боёвут ва Мирзаобод туманларининг чекка қишлоқларига газ етиб боришини таъминлаш учун ишлар бошлаб юборилган. Аммо қувурларни янгилаш учун бюджетдан маблағ ажратилмас экан, вилоятда газ муаммоси тўлиқ ҳал этилишини яна кўп йиллар кутишга тўғри келади.
XS
SM
MD
LG