Линклар

Пикетчиларни қўрқитишнинг янги усули. Фоҳишалар каратэчилар билан алмаштирилди


Тўлқин 1 февраль куни Жиззах вилоятининг Дўстлик тумани ҳокимлиги биноси бир гуруҳ фермерлар томонидан пикет қилинди. Пикетчиларга уюштирилган ҳужум натижасида бир неча киши тан жароҳати олди.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамияти Жиззах вилояти бўлими раҳбари Бахтиёр Ҳамроевнинг сўзларига қараганда, турли тазйиқлар туфайли бошланиши анча кечиккан пикетда қирққа яқин фермер иштирок этган. Пикетдан бир кун олдин унда қатнашмоқчи бўлган фермерларнинг уйларига маҳаллий ҳокимият вакиллари, ҳуқуқ-тартибот ходимлари бориб, уларни ниятидан қайтаришга уриниб кўрган. Фермерлар яшайдиган хўжаликлардан туман марказига элтувчи йўллар ички ишлар ходимлари томонидан беркитилган. Фермарлар ўнлаб километр масофани пиёда босиб ўтишга мажбур бўлган.

Фермер ва инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Маъмуржон Азимовнинг таъкидлашича, норозилик чиқишида ерлари режани бажармаганлик важи билан тортиб олинган фермерлар иштирок этган. Улар ўз ҳуқуқлари бузилишига қарши норозилик билдирган.

Б.Ҳамроевнинг билдиришича, пикетчиларга қарши уюштирилган ҳужумда режани бажарган фермерлар ва махсус ёлланган гуруҳ қатнашган.

“Кейин маълум бўлишича, пикетчиларни калтаклаганлар орасида Дўстлик шаҳридаги спорт мактабининг каратэ бўлими раҳбари Учқун Сатторовнинг шогирдлари бор экан”, - деди Б.Ҳамроев.

Хабарларга кўра, пикетчилардан бир нечасига тан жароҳати етказилган. Жанжалга милиция ходимлари аралашмаган. Тўполон бошлагандан кейин шу яқиндаги ички ишлар бўлимидан бир неча милиционер чиқиб, нима гаплигини билмоқчи бўлган. Лекин негадир яна қайтиб кетган. Фақат орадан анча ўтгандан кейингина улар воқеа жойига келган.

Б.Ҳамроевнинг айтишича, жанжалдан сўнг пикет иштирокчиларини Дўстлик тумани ҳокими қабул қилган. Ҳоким фермерларнинг барча талабларини рад этган. Пикетчилар ўз саволларига жавоб ололмагандан кейин ҳокимлик биносидан чиқиб кетган.

Маълум бўлишича, фермерлар ўз ташаббуси билан пикет уюштирган. Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари эса унда фақат кузатувчи сифатида қатнашган. Акция иштирокчилари узлуксиз очлик эълон қилганини ва норозилик чиқишлари яна давом эттирилишини билдирган.
XS
SM
MD
LG